ПеттиЧат: уй ҳайвонлари тилини тушунишга ёрдам берувчи янги гаджет

ПеттиЧат — бу сунъий интеллект асосида ишлайдиган ва ҳайвонлар товушларини инсон тушунадиган маълумотга айлантиришга мўлжалланган инновацион қурилма. Гарчи лойиҳа келажакда қанчалик самарали бўлиши баҳсли бўлса-да, у Киккстартер платформасида катта муваффақият қозониб, 800 дан ортиқ фойдаланувчини жалб қилди ва 130 минг доллардан зиёд маблағ тўплади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Қурилма итларнинг вовуллаши ёки мушукларнинг миёвлашини реал вақт режимида таҳлил қилиб, уларнинг эҳтиёжларини аниқлашга ёрдам беради. Тизим нафақат ҳайвонлар тилини таржима қилади, балки инсон нутқини ҳам ҳайвонлар тушунадиган товушларга айлантириб, икки томонлама мулоқотни таъминлайди.
Оғирлиги атиги 27,2 грамм бўлган ушбу гаджет ИП56 сувга чидамлилик даражасига эга ва магнитли қувватлаш тизими билан жиҳозланган. У осонгина бўйинбоққа ўрнатилади ва махсус мобил илова орқали бошқарилади. Ишлаб чиқувчилар тизимнинг аниқлик даражаси 90 фоиздан юқори эканлигини таъкидламоқда.
Ҳозирги вақтда қурилмани 150 доллар эвазига олдиндан буюртма қилиш мумкин. ПеттиЧат уй ҳайвонлари билан мулоқотни янги босқичга олиб чиқишни ва уларнинг эҳтиёжларини тахминларга таянмасдан, аниқ тушуниш имконини беришни вада қилмоқда.













