Россиялик олимлар Қуёш тожини ўрганувчи ихчам сунъий йўлдош яратмоқда

Россияда илк бор Қуёш тожини суратга олишга қодир бўлган ихчам космик обсерватория ишлаб чиқилмоқда. Мазкур лойиҳа Россия Фанлар академиясининг Космик тадқиқотлар институти (ИКИ РАН) ҳамда "Геоскан" компанияси томонидан Фан ва олий таълим вазирлиги кўмагида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
16У форматидаги сунъий йўлдошни 2026-йилда тайёрлаб, кейинги йили орбитага чиқариш режалаштирилган. Унинг асосий вазифаси Қуёш чақнашлари ва тож массасининг отилиб чиқишини кузатишдан иборат. Бу маълумотлар космик об-ҳавони олдиндан башорат қилишда муҳим аҳамият касб этади.
Лойиҳанинг энг мураккаб жиҳати шундаки, Қуёш тожи нурланиши ультрабинафша ва рентген диапазонларида бўлиб, уларни Ердан кузатиш имконсиз. Мутахассислар махсус оптик тизимлар, фильтрлар ва аниқ йўналтирувчи қурилмаларни атиги 25 × 25 × 50 см ўлчамдаги корпусга жойлаштиришлари керак.
Ушбу ташаббус, шунингдек, таълим мақсадларини ҳам кўзлайди. ИКИ РАН ва ЛEТИ иштирокида космик технологиялар соҳасида 30 га яқин мутахассис тайёрланиши режалаштирилган. Агар лойиҳа муваффақиятли якунланса, бу Қуёшни кузатиш бўйича арзонроқ ва оммавий космик миссиялар учун янги имкониятлар эшигини очади.













