Олимлар инсон сочи қалинлигидан 10 минг марта юпқароқ қуёш элементларини яратди

Олимлар инсон сочи қалинлигидан 10 минг марта юпқароқ қуёш элементларини яратди

Сингапур Нанянг технология университети тадқиқотчилари оддий деразаларни электр энергияси манбаига айлантира оладиган ўта юпқа ва ярим шаффоф қуёш элементларини ишлаб чиқишди. Ушбу технология анъанавий кремнийга муқобил ҳисобланган перовскит асосида яратилган бўлиб, унинг ишчи қатлами атиги 10 нанометр қалинликка эга. Бу кўрсаткич инсон сочи қалинлигидан тахминан 10 минг марта юпқароқдир. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Янги ишланманинг асосий афзаллиги шундаки, қуёш панеллари деярли кўзга ташланмайди. Уларни осмонўпар бинолар деразалари, шиша фасадлар, автомобил ойналари ва ҳатто тақиладиган электрон қурилмаларга ўрнатиш мумкин. Ярим шаффоф версия кўринадиган ёруғликнинг 41 фоизини ўтказиб, қуёш энергиясини 7,6 фоизгача самарадорлик билан электр токига айлантиради.

Технологиянинг муҳим жиҳати шундаки, панеллар нафақат тўғридан-тўғри қуёш нури остида, балки тарқоқ ёруғликда ҳам самарали ишлайди. Бу зич жойлашган шаҳарлар учун жуда муҳим, чунки баланд бинолар доимий равишда соя ҳосил қилади. Ишлаб чиқариш жараёнида вакуумли термик буғланиш усули қўлланилган бўлиб, у заҳарли эритувчилардан фойдаланмасдан жуда текис қатламларни ҳосил қилиш имконини беради.

Тадқиқотчилар панелнинг турли вариантларини, жумладан, тўлиқ шаффоф бўлмаган ва ярим шаффоф турларини яратишди. Қатлам қалинлигига қараб, самарадорлик 7 фоиздан 12 фоизгача етади. Ҳозирда технология патентланган ва жамоа ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун ҳамкорлар изламоқда, бироқ оммавий фойдаланишдан олдин панелларнинг узоқ муддатли чидамлилигини исботлаш талаб этилади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Abror Shuhratov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.