Ўзгидромет тезкор огоҳлантириш берди

Жорий йилнинг 4–8 апрель кунлари кутилаётган ёғингарчиликлар ва ҳаво ҳароратидаги ўзгаришлар сабаб республика тоғли ҳудудларида – денгиз сатҳидан 2000 метрдан юқори жойларда қор кўчиши хавфи юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет томонидан шошилинч огоҳлантириш эълон қилинди.
Хусусан, қуйидаги ҳудудларда хавф юқори деб баҳоланмоқда:
- Қашқадарё вилоятида – Китоб ва Шаҳрисабз туманлари;
- Сурхондарё вилоятида – Бойсун, Сариосиё ва Узун туманлари;
- Самарқанд вилоятида – Самарқанд ҳамда Ургут туманлари;
- Жиззах вилоятида – Бахмал ва Зомин туманлари;
- Тошкент вилоятида – Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманлари (Чотқол тоғ тизмаси);
- Наманган вилоятида – Поп туманида қор кўчиши эҳтимоли мавжуд.
Мутахассислар тоғли ҳудудларда яшовчи аҳоли, дам олиш мақсадида борган фуқаролар ҳамда ушбу ҳудудларда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларни алоҳида эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.
Айниқса, об-ҳаво кескин ўзгараётган пайтда хавфсизлик қоидаларига амал қилиш, ортиқча таваккалчиликдан қочиш ва расмий огоҳлантиришларга бефарқ бўлмаслик тавсия этилади.













