Нега ўзбеклар узоқ умр кўрмайди? Мутахассислар сабабларини айтди

Ўзбекистон узоқ умр кўрувчи давлатлар рейтингида 122-ўринни эгаллагани маълум бўлди. Бу эса деярли энг охирги поғоналардан бири ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, бунга бир нечта муҳим омиллар сабаб бўлмоқда.
Биринчи муаммо — овқатланиш тартиби. Таъкидланишича, ўзбек миллий таомларида калория миқдори юқори, аммо витамин ва минераллар етарлича эмас. Бу эса организмда турли муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Иккинчи сабаб — камҳаракат турмуш тарзи. Кўпчилик овқатлангандан кейин дам олиш ёки ётиб олишни одат қилган. Бу эса семиришга олиб келади. Ортиқча вазн ортидан эса турли касалликлар юзага чиқиши мумкинлиги айтилмоқда.
Учинчи омил сифатида стресс кўрсатилган. Айтилишича, ўзбеклар орзу-ҳавас ва турмуш ташвишлари сабаб кучли руҳий босимга тушиб қолади. Стресс ортидан эса организмда кортизол гормони миқдори ошиб, бу турли хасталикларни келтириб чиқариши мумкин.
Шу боис мутахассислар соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ва руҳий хотиржамликка эътибор бериш узоқ ва сифатли ҳаёт кечиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидламоқда.













