Цитроэн афсонавий 2КВ моделини арзон электромобил сифатида қайтармоқда

Франциянинг Цитроэн компанияси ўзининг энг машҳур моделларидан бири бўлган 2КВ номини қайта тиклашини расман тасдиқлади. Stellantis концернининг Мичиган штатида ўтказилган инвесторлар кунида Цитроэн бош директори Хавиер Чардон янги электромобилнинг илк тизерини намойиш этди ва "2КВ қайтмоқда" дея эълон қилди. Янги модел тахминан 15 000 фунт стерлинг (қарийб 19 000 доллар) нархида сотилиши кутилаётган ҳамёнбоп шаҳар автомобили бўлади. Бу ҳақда Autocar.co.uk хабар беради.
Янги 2КВ дизайни ўзининг тарихий аждодига хос бўлган "шиллиққурт" шаклидаги силуэтни сақлаб қолади, бироқ замонавий ЭЛО концепти услубида қайта ишланади. Автомобилнинг тўлиқ кўриниши жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Париж автосалонида кенг жамоатчиликка тақдим этилиши режалаштирилган. Ушбу модел Цитроэн брендининг 2030-йилгача чиқарилиши кўзда тутилган еттита янги электромобилидан бири бўлади.
Хавиер Чардоннинг таъкидлашича, янги электромобил 1940-йиллардаги оригинал 2КВ каби Европа автомобил бозорини жонлантириш ва оддий ҳайдовчиларга ҳамёнбоп ҳаракатланиш имкониятини бериш вазифасини бажаради. "80 йил ўтиб, янги 2КВ электр мобилигини демократлаштиради. Бу ҳақиқий ҳаёт учун мўлжалланган халқ автомобили бўлади", — деди компания раҳбари.
Янги модел Италиядаги Помиглиано заводида Fiat Панда моделининг янги авлоди билан бир қаторда ишлаб чиқарилади. Цитроэн 2КВ ўз вақтида бензинли К1 моделининг ўрнини эгаллаши ва бренднинг энг арзон электромобили сифатида бозорга чиқиши кутилмоқда. Компания мураккаб технологиялардан кўра, оддий ва интуитив бошқариладиган автомобиллар келажакда муваффақият қозонишига ишонмоқда.













