22 ёшли чегарачи ўзини отиб қўйди

Жорий йилнинг 7 апрель куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳри ҳудудида жойлашган Иркештам чегара постида 22 ёшли ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилишга уринган.
Бу ҳақда “Turmush” ахборот манбаси хабар тарқатган.
Маълумотларга кўра, шартнома асосида хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчи бош қисмига ўқ тегган ҳолда Нура қишлоғидаги тиббиёт муассасасига етказилган. У ерда дастлабки шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилгандан сўнг, у тезлик билан туман маркази ҳисобланган Гулча шаҳридаги шифохонага кўчирилган.
Шифокор Дойирбек Қодиров жабрланувчининг соғлиғи ҳақида маълумот берган. Унинг сўзларига кўра, ўшлик мутахассислар томонидан чегарачида бош мияси бўйича шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилган.
Дастлабки маълумотларда қайд этилишича, ўқ жағ қисмига тегиб, кўз атрофидаги қон томирлари ёнидан чиқиб кетган. Ҳозирда бемор кома ҳолатида, сунъий нафас олиш аппаратига уланган ва унинг аҳволи жуда оғир деб баҳоланмоқда.
Ҳозир воқеа юзасидан экспертиза тайинланган бўлиб, ҳарбий прокуратура томонидан сабабларни аниқлаш мақсадида тергов ишлари олиб борилмоқда. Давлат чегара хизмати маълумотига кўра, ҳарбий хизматчи И.A. томонидан АК-74 автомат қуролидан ўқ узилган. Ушбу ҳолат бўйича хизмат текшируви ҳам бошланган.












