Жанубий Корея Ҳана Банкнинг Дунаму акцияларини сотиб олиш битимини текширмоқда

Жанубий Корея молия регуляторлари Ҳана Банкнинг мамлакатдаги энг йирик криптовалюта биржаси Упбит оператори бўлган Дунаму компаниясидан 6,55 фоиз улушни 668 миллион долларга сотиб олиш режасини кўриб чиқмоқда. Ушбу битим доирасида банк акцияларни тўғридан-тўғри эмас, балки Какао Инвестмент компаниясидан харид қилиши назарда тутилган. Бу ҳақда Cointelegraph.com хабар беради.
Молия хизматлари комиссияси (ФСК) расмийларининг таъкидлашича, ушбу инвестиция анъанавий банк ва тижорат фаолиятини ажратиш қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан баҳоланади. Гарчи крипто-активлар операторлари анъанавий молия институтлари қаторига кирмаса-да, регуляторлар ушбу битимни банкларнинг нобанк бизнесига эгалик қилиш чекловлари доирасида текширмоқда.
Ҳана Финансиал Груп таркибидаги банк бўлинмаси 2,2 миллионга яқин Дунаму акциясини 1 триллион вон (тахминан 668 миллион доллар) эвазига сотиб олишга келишиб олган эди. Агар битим тасдиқланса, Ҳана Банк Упбит биржасининг тўртинчи йирик акциядорига айланади.
Жанубий Кореяда банкларнинг крипто-активлар билан боғлиқ фаолияти қонунчиликда аниқ белгиланмаган бўлиб, асосан назорат сиёсати ва регуляторларнинг талқинлари асосида тартибга солинади. Ҳозирда мамлакат ҳукумати криптовалюталар, стейблкоинлар ва виртуал активлар провайдерлари учун ҳуқуқий базани яратувчи Рақамли активлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси устида ишламоқда.











