Санитария ва фитосанитария чоралари тўғрисидаги қонун муҳокама қилинди

Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битимига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида миллий қонунчиликни халқаро меъёрларга мослаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.
Қонун билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги қонундаги асосий тушунчалар Халқаро конвенция доирасида тасдиқланган фитосанитария атамалари луғатига мувофиқлаштирилмоқда. Шунингдек, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ваколатлари кенгайтирилиб, хавфларни таҳлил қилиш, назоратни автоматлаштириш ҳамда зарарсизлантириш усулларини ишлаб чиқиш каби вазифалар юкланмоқда.
Шу билан бирга, “Давлат божи тўғрисида” ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда. Унга кўра, юридик шахсларга фитосанитар зарарсизлантириш фаолияти учун лицензия бериш тартиби, давлат божи миқдори ҳамда қоидаларни бузганлик учун жарималар белгиланмоқда.
Сенаторлар ушбу қонуннинг қабул қилиниши миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, фитосанитария соҳасини такомиллаштириш ҳамда маҳсулотларнинг халқаро савдода тўсиқсиз айланишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидладилар. Муҳокамалардан сўнг қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.











