Ўзбекистон Сенати электрон тижорат бўйича янги ҚҚС қоидаларини маъқуллади

Ўзбекистон Сенати электрон тижорат бўйича янги ҚҚС қоидаларини маъқуллади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 15-ялпи мажлисида сенаторлар электрон тижорат соҳасини тартибга солишга қаратилган қонунни муҳокама қилдилар. Ушбу ҳужжат рақамли технологиялар ривожланаётган даврда соҳада адолатли рақобат муҳитини яратиш ва иштирокчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзда тутади. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.

Қонун билан Солиқ кодекси ҳамда “Электрон тижорат тўғрисида”ги қонунга муҳим ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, трансчегаравий электрон тижорат, рақамли маҳсулотлар экспорти ва импорти ҳамда тўловларни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда.

Янги қоидаларга кўра, электрон тижорат операторлари учун истеъмолчилар олдида субсидиар жавобгарлик белгиланмоқда. Бу сотувчи ўз мажбуриятларини бажара олмаган тақдирда, истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва хавфсиз онлайн савдони таъминлашга хизмат қилади.

Сенаторларнинг таъкидлашича, ушбу чора-тадбирлар маҳаллий ва хорижий сотувчилар ўртасида тенг рақобат шароитини яратади. Шунингдек, маҳаллий платформаларни солиқ агентлари сифатида жалб этиш орқали солиқ тушумлари барқарорлигини таъминлаш ва халқаро стандартларга мослашиш кўзда тутилган.

Муҳокамалар якунида сенаторлар мазкур қонунни маъқулладилар. Ҳужжат электрон савдо бозорида шаффофликни ошириш ва соҳани янада ривожлантириш учун ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Tumaris
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.