Ўзбекистон биржасида буғдой ва цемент савдосида пасайиш кузатилди

11–17 май кунлари \"Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси\"нинг барча савдо майдонларида 44 575 та битим амалга оширилди. Бу аввалги ҳафтага нисбатан 6,3 фоизга кам кўрсаткич ҳисобланади.
Биржа маълумотларига кўра, битимларнинг 44,4 фоизи биржа савдоларида, 55,6 фоизи эса электрон тижорат тизимларида тузилган. Шу даврда давлат харидлари бўйича электрон савдолар орқали бюджет ва корпоратив буюртмачилар қарийб 137,1 миллиард сўм маблағни тежаган.
Ҳисобот ҳафтасида савдога 440 905 тонна цемент чиқарилган ва унинг 145 997 тоннаси сотилган. Цементнинг бир тоннаси учун ўртача кунлик нарх 649,7 минг сўмдан 644 минг сўмгача тушган.
Шунингдек, биржа орқали 31 881 тонна буғдой сотилган. Буғдойнинг бир тоннаси бўйича ўртача кунлик нарх 2 миллион 972,2 минг сўмдан 2 миллион 932,4 минг сўмгача пасайган.











