Қамчиқ довонида юк машинаси ёниб кетди

Қамчиқ довонида юк машинаси ёниб кетди
Фото: ФВВ матбуот хизмати
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қамчиқ довонида юк машинасининг ёниб кетиши билан боғлиқ ҳолат юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 15 апрел куни соат 22:41 да Қамчиқ махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси навбатчилик қисмига довондан ўтган А-373 Тошкент—Ўш автомобил йўлининг Водий—Тошкент йўналишида ҳаракатланган DAF русумли юк машинаси ёнаётгани тўғрисида хабар келиб тушган.

Қутқарувчилардан иборат иккита экипаж айтилган манзилга соат 22:50 да етиб борган, соат 22:53 да ёнғин қуршаб олинган ва соат 23:13 да тўлиқ бартараф этилган.

«Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмади», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, айни вақтда Қамчиқ довонида автомобилларнинг икки томонлама ҳаракати давом этмоқда.
"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.