Тошкентда нотўғри тўхтаган машиналар эвакуация қилинади

Тошкентда нотўғри тўхтаган машиналар эвакуация қилинади

Фото: Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази

Тошкент шаҳрида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган автомобилларга нисбатан қатъий чоралар кўриш бошланади. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази маълумотига кўра, нотўғри жойда қолдирилган транспорт воситалари белгиланган тартибда эвакуация қилиниб, махсус жарима майдончаларига олиб кетилади.

Пойтахтда тартибли ва хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантириш ишлари янги босқичга чиқмоқда. Айниқса, пиёдалар йўлаклари, жамоат транспорти бекатлари, ўтиш жойлари яқини, яшил ҳудудлар ва тўхташ тақиқланган жойларда қолдирилаётган автомобиллар одамлар ҳаракатига жиддий халақит бермоқда.

Марказ хабарида таъкидланишича, бундай ҳолатлар пойтахтнинг турли туманларида мунтазам кузатилмоқда. Айрим ҳайдовчилар автомобилларини пиёдалар учун мўлжалланган йўлакларда, бекатлар олдида ёки махсус техника ҳаракатига тўсқинлик қиладиган жойларда қолдириб кетмоқда.

Бу эса нафақат йўл ҳаракатига, балки аҳоли хавфсизлигига ҳам таъсир қилади. Айниқса, кексалар, болалар аравачасидаги ота-оналар, ногиронлиги бўлган шахслар ва болалар учун бундай вазиятлар анча ноқулайлик туғдиради. Пиёдалар йўлакда эмас, йўлнинг қатнов қисмида юришга мажбур бўлса, хавф янада ортади.

Шу сабабли Тошкентда қоидабузар автомобилларга нисбатан эвакуация амалиёти кучайтирилади. Тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳолда қолдирилган машиналар махсус техникалар орқали жарима майдончаларига жойлаштирилади.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ушбу чоралардан асосий мақсад кўчаларда тартиб ўрнатиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат жойларини аҳоли учун очиқ ҳамда қулай сақлаш эканини маълум қилди. Бу ташаббус жамоат транспорти, тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа махсус хизматлар ҳаракатига тўсқинликларни камайтиришга ҳам хизмат қилади.

Марказ ҳайдовчиларни тўхташ ва тўхтаб туриш учун жой танлаётганда йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди. Автомобилларни тақиқланган, пиёдалар ва жамоат транспорти ҳаракатига халақит берадиган ёки хавфсизликка таҳдид соладиган жойларда қолдирмаслик сўралди.

Қисқаси, Тошкентда “бир дақиқага қўйдим” деган баҳона энди қимматга тушиши мумкин. Машина қулай жойга эмас, қонуний жойга қўйилиши керак. Шаҳарда тартиб бўлса, пиёда ҳам, ҳайдовчи ҳам, жамоат транспорти ҳам эркин ҳаракат қилади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.