Маҳкумларга нисбатан қийноқлар бўйича 4 ходимга жиноят иши қўзғатилди

2025 йил давомида Ички ишлар органлари ходимлари томонидан маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўллангани билан боғлиқ ҳолатлар аниқланиб, 4 нафар ходимга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Шу билан бирга, яна 13 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилган, улардан 2 нафари ишдан бўшатилган, 1 нафари эса огоҳлантирилган.
Омбудсман Феруза Эшматованинг маълум қилишича, йил давомида 954 та мониторинг ташрифи ўтказилган. Ушбу ташрифлар давомида 11 мингдан ортиқ маҳкум билан жамоавий, қарийб 5,5 минг нафар маҳкум билан эса индивидуал суҳбатлар ташкил этилган.
Аниқланган камчиликлар асосида тегишли вазирлик ва идораларга 33 та тақдимнома ҳамда талабномалар киритилган. Шунингдек, айрим ҳибсхоналар санитария ва гигиена талабларига жавоб бермагани сабабли уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган.













