Эстрада соҳаси солиқ тизимида: янги ўзгаришлар муҳокамаси

Эстрада соҳаси солиқ тизимида: янги ўзгаришлар муҳокамаси

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган «Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси якунланди.

Маълум қилинишича, мазкур ҳужжат сўнгги йилларда энг кўп муҳокама қилинган ташаббуслардан бири бўлиб, тахминан 16 минг марта кўрилган. Муҳокама жараёнида фуқаролар ҳамда мутахассислар томонидан жами 130 та таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Лойиҳа солиқ тизимидаги мажбурийлик ва адолат тамойилларини амалда таъминлаш, шунингдек, концерт-томоша соҳасидаги молиявий муносабатларни тартибга солиш ҳамда ҳисоб-китобларни шаффоф қилиш мақсадида тайёрланган.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда 2 020 нафар хонанда солиқ декларациясини топширган бўлиб, уларга умумий ҳисобда 1,1 млрд сўм даромад солиғи ҳисобланган. Бу кўрсаткич ҳар бир ижрочига ўртача 544,5 минг сўм тўғри келганини англатади.

2025 йилда эса вазият янада ўзгарган: фақат 305 нафар хонанда декларация топшириб, жами 154 млн сўм солиқ тўланган. Ўртача ҳисобда бир ижрочига 505,6 минг сўм солиқ тўғри келгани қайд этилган.

Қарор лойиҳаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Маданият вазирлиги, Рақобат қўмитаси ҳамда Солиқ қўмитаси каби масъул идоралар билан келишилган ҳолда жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.