Ёш дзюдочиларимиз "Бремен Мастерс" турнирини кучли учликда якунлашди

Ёш дзюдочиларимиз "Бремен Мастерс" турнирини кучли учликда якунлашди
23-24 март кунлари Германияда дзюдо бўйича ёшлар ўртасида анъанавий \"Бремен Мастерс\" турнири бўлиб ўтди.

Бу йилги мусобақада Искандар Расулов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 8 нафар дзюдочиси икки кун давомидаги муросасиз беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қилди. Якунда уларнинг уч нафари шоҳсупага кўтарилди.

-81 кг вазнда курашган Мардон Равшанов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, мусобақа олтин медалини қўлга киритди. Равшанов 1/2 финалда япониялик Сузукидан, финалда эса бразилиялик Луан Алмейдадан устун келди. Ҳамюртимиз саралаш баҳсларида Бразилия, Финляндия ва икки германиялик рақибларини мағлубиятга учрата олди.

-90 кг вазн тоифаси финалида татамига чиққан Алишер Саманов эса озарбайжонлик Аслан Котсоевга имкониятни бой бериб, кумуш медал билан тақдирланди.

-73 кг вазндаги дзюдочимиз Ҳожиакбар Тошев эса бронза медалига сазовор бўлди.

Мусобақа якунига кўра Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида кучли учликдан жой олди. Катта таркиб билан иштирок этган Озарбайжон терма жамоаси 4 та олтин, 3 та бронза медали билан биринчи ўринни эгаллади. Дзюдо ватани вакиллари - японияликлар 2 та олтин, 1 та кумуш, 2 та бронза медали билан иккинчи ўриндан жой олишди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати
"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.