Элдор Шомуродовнинг дубль қайд этган ўйиндан кейинги фикрлари...

Туркия Суперлигасининг 29-туридан ўрин олган учрашувда “Истанбул Башакшеҳир” ўз майдонида “Генчлербирлиги”ни ишончли тарзда 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ушбу ғалаба жамоа учун жадвалдаги муҳим очколарни тақдим этди.
Баҳсдан сўнг икки гол муаллифи бўлган ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ўйин ҳақида ўз фикрларини билдирди. Унинг таъкидлашича, шахсий голлар муҳим бўлса-да, асосий мақсад жамоа ғалабаси ҳисобланади.
— “Мен гол уришимни кутган эдим, лекин аввал ҳам айтганимдек, мен учун энг муҳими — жамоанинг ғалабаси. Бу ғалаба биз учун жуда муҳим эди, чунки Европа кубоклари йўлланмаси учун курашяпмиз. Бугун ўйинни яхши бошладик ва ўзимизни яхши ҳис қиляпмиз. Олдимизда яна 5 та муҳим учрашув бор”, — деди Шомуродов.
Ҳужумчи биринчи бўлимда жамоа ҳаракати юқори даражада бўлганини, рақиб ҳимоясидаги бўшлиқлардан унумли фойдаланилганини алоҳида қайд этди. Унинг фикрича, айнан шу жиҳатлар йирик ҳисобдаги ғалабага асос бўлган.
— “Биринчи бўлимда жуда яхши ҳаракат қилдик. Рақиб ҳимоясида кўп бўш зоналар топдик ва имкониятлардан фойдаландик. Мақсадимиз — Европа лигаси йўлланмасини қўлга киритиш”, — дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, Шомуродов ҳозирги мавсумда 18 та гол билан тўпурарлар пойгасида иккинчи ўринда бормоқда ва Европа майдонларига чиқиш учун курашни давом эттирмоқда.













