"Андижон" – ОКМК ўйини натижаси Самвел Бабаян тақдирини ҳал қилади


Суперлиганинг 7-тури доирасида «Андижон» ўз майдонида ОКМК жамоасини қабул қилади. Ушбу учрашув жамоа учун нафақат навбатдаги очколар, балки мураббий Самвел Бабаяннинг келажаги нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этмоқда.
6-турдаги водий дербисида «Навбаҳор»га мағлуб бўлган андижонликлардан сўнг, бир қатор Telegram каналлар Бабаян истеъфога чиқарилгани ҳақида хабар тарқатган эди. Бироқ бу маълумот расман тасдиғини топмади.
Хабарларга кўра, Андижон вилояти ҳокими ҳамда вилоят футбол ассоциацияси президенти Шуҳрат Абдураҳмонов мураббий билан учрашув ўтказган. Унда Самвел Бабаяннинг илтимосига биноан унга яна бир имконият берилгани айтилмоқда.
Агар «Андижон» бугун Миржалол Қосимов бошчилигидаги ОКМКга қарши баҳсда ғалаба қила олмаса, Бабаяннинг истеъфоси расман эълон қилиниши эҳтимоли юқори. Фақат ғалаба уни жамоада сақлаб қолиши мумкин.
Маълумот учун, мавсум бошида «Андижон» олдига совринли ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилган эди. Мураббий истаган трансферлар амалга оширилганига қарамай, жамоа ҳозирча турнир жадвалида 11-ўринда бормоқда.













