Стевен Геррард: Ливерпул ўзлигини йўқотди

Ливерпул афсонаси Стевен Геррард жамоанинг жорий мавсумдаги ҳолатига кескин баҳо бериб, Арне Слот қўл остида клуб ўзлигини йўқотганини таъкидлади. Собиқ сардор Муҳаммад Салахнинг ижтимоий тармоқлардаги шов-шувли баёнотини жамоа ичидаги чуқур муаммоларнинг яққол белгиси деб атади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Астон Вилла билан ўйиндаги мағлубиятдан сўнг, Муҳаммад Салах сукут сақлашни бас қилиб, жамоани аввалги шонли даврларига қайтишга чақирди. Геррарднинг фикрича, бу баёнот Арне Слот бошқарувидаги муҳит бузилганидан ва футболчиларнинг норозилигидан далолат беради.
ТНТ Sportс эфирида гапирган Геррард шундай деди: "Бу жуда қизиқ ҳолат. Муҳаммад Салах одатда кам гапиради ва бундай постлар ёзмайди. У ташқи дунёга Ливерпул кийиниш хонасида ишлар жойида эмаслигини, жамоа ўзлигини йўқотганини ва бу уни қаттиқ ранжитаётганини билдирмоқчи".
Ливерпул жорий мавсумда Англия Премер-лигасида 12-бор мағлубиятга учради. Геррард Муҳаммад Салахнинг "жамоа парчаланмоқда" деган сўзларини жуда оғир ва ташвишли деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, мураббий ва футболчилар зиммасидаги босим ниҳоятда юқори, чунки кўрсатилган ўйин клуб даражасига мутлақо мос келмайди.













