Криштиано Роналдо ва Ал-Насср Осиё Чемпионлар лигаси 2 финалида мағлуб бўлди

Криштиано Роналдо ва унинг Ал-Насср жамоаси учун мавсумдаги навбатдаги соврин орзуси барбод бўлди. Саудия Арабистонининг нуфузли клуби ўз майдонида ўтган Осиё Чемпионлар лигаси 2 финалида Япониянинг Гамба Осака жамоасига имкониятни бой бериб қўйди. Кинг Сауд Университй стадионида кечган баҳсда мезбонлар яққол фаворит саналишига қарамай, кутилмаган натижа қайд этилди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Учрашувнинг 30-дақиқасида Гамба Осака ҳужумчиси Дениз Ҳуммет Иссам Жебалининг узатмасидан сўнг дарвозани аниқ нишонга олиб, ўйин тақдирини ҳал қилган ягона гол муаллифига айланди. Жорге Жесус шогирдлари ўйин давомида тўп назоратини ўз қўлида ушлаб турган бўлса-да, рақиб ҳимоясини ёриб ўтишда қийналишди.
Иккинчи бўлимда Ал-Насср босимни янада кучайтирди. Бироқ, япониялик 18 ёшли дарвозабон Руи Араки ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолиш учун бир нечта сейв намойиш этди. Хусусан, Жоао Фелихнинг кучли зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтган бўлса, Криштиано Роналдо ва Садио Маненинг уринишлари ҳам самарасиз якунланди.
Ўйиннинг 86-дақиқасида Гента Миуранинг қаҳрамонларча амалга оширган блоки Криштиано Роналдони гол уришдан маҳрум қилди. Якунда Гамба Осака интизомли ҳимоя эвазига ғалабани сақлаб қолди ва Осиё Чемпионлар лигаси 2 кубогини қўлга киритди.













