ЎзПФЛ йиғилиши: “Бунёдкор” ва “Локомотив” вакиллари жазоланди

ЎзПФЛ йиғилиши: “Бунёдкор” ва “Локомотив” вакиллари жазоланди


ЎзПФЛ йиғилиши: “Бунёдкор” ва “Локомотив” вакиллари жазоланди

Фото: championat.asia

Жорий йилнинг 10 апрель куни ЎзПФЛ ҳузуридаги Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Лига матбуот хизмати расман маълум қилди.

Йиғилиш давомида шу вақтгача Ўзбекистон Суперлигаси ҳамда U-21 чемпионати учрашувларида қайд этилган қоидабузарликлар атрофлича кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Асосий эътибор Суперлиганинг 5-турида “Бунёдкор” ва “Локомотив” ўртасидаги баҳсдан кейин юзага келган жанжалли вазиятга қаратилди. Ушбу ўйин якунида икки жамоа вакиллари ўртасида келишмовчилик юзага келиб, бу ҳолат кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган.

Ҳолат махсус тартибда ўрганилиб, ЎФАнинг футбол фаолиятини назорат қилиш бўйича инспекцияси томонидан барча материаллар таҳлил қилинди. Шунингдек, видеоёзувлар, гувоҳлар кўрсатмалари ва комиссар ҳисоботлари ҳам ўрганилди.

Текширув натижаларига кўра, учрашувдан сўнг “Бунёдкор” селекционер мураббийи Бек Абдуллаев ва “Локомотив” футболчиси Абдуллоҳ Йўлдошев ўртасида низо келиб чиққан, вазиятга Наримон Аҳмаджонов ҳам аралашгани оқибатида енгил тан жароҳатлари қайд этилган.

Шу билан бирга, ўйиннинг 62-дақиқасида Йўлдошев Аҳмаджоновга нисбатан қўпол ҳаракат қилгани учун огоҳлантириш олгани ҳам қайд этилди. Кейинчалик айнан шу эпизод ортидан низо кучайган ва охир-оқибат ўйиндан кейин муштлашувга айланган.

Вазиятга Миллий гвардия ходимлари аралашиб, иштирокчиларни ички ишлар бўлими таянч пунктига олиб борган. Кейинчалик томонлар бир-бирига даъвоси йўқлигини билдиргач, улар қўйиб юборилган.

Қўмита барча материалларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги қарорларни қабул қилди:

  • “Бунёдкор” клубига жарима жазоси қўлланилди;
  • “Локомотив” клубига ҳам жарима жазоси белгиланди;
  • Бек Абдуллаевга нисбатан жарима жазоси қўлланди;
  • Наримон Аҳмаджонов 3 ўйинга дисквалификация қилинди;
  • Абдуллоҳ Йўлдошев ҳам 3 ўйинга четлатилди.

Лига таъкидлашича, бундай ҳолатлар футболда интизомни сақлаш ва қоидаларга қатъий амал қилиш муҳимлигини яна бир бор кўрсатди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.