Винисиус ва Беллингем ўртасидаги можаро мухлисларни ҳайратда қолдирди

Европа Чемпионлар лигасининг “Бавария”га қарши чорак финал жавоб баҳсида “Реал Мадрид” футболчилари ўртасида кутилмаган ҳолат юз берди. Жамоа ҳужумчиси Винисиус Жуниор ва ярим ҳимоячи Жуд Беллингем ўртасида майдон ичида тортишув кузатилди.
Бу ҳақда Madrid Universal ижтимоий тармоқлар орқали маълумот тарқатди. Манбага кўра, вазият Винисиуснинг ҳужум пайтида шеригига пас узатмаганидан бошланган. Беллингем бу ҳолатдан норози бўлиб, норозилик билдирган. Бунга жавобан бразилиялик футболчи кескин тарзда: “Нима хоҳлайсан? Овозингни ўчир!” дея муносабат билдиргани айтилмоқда.
Ушбу ҳолат жамоа ичидаги босим ва ўйиннинг кескинлиги қай даражада эканини кўрсатди. Чунки баҳс ҳал қилувчи паллада ўтаётган ва ҳар бир қарор ўйин тақдирига таъсир қилаётган эди.
Учрашув натижасига келсак, икки ўйин якунига кўра “Бавария” 6:4 ҳисобида ғалаба қозониб, ярим финалга йўл олди. Энди мюнхенликлар финал йўлланмаси учун Пари Сен-Жерменга қарши майдонга тушади.
“Реал” учун эса бу яна бир омадсизлик бўлди. Жамоа кетма-кет иккинчи мавсум Чемпионлар лигасининг ярим финал босқичига чиқа олмади. Эслатиб ўтамиз, ўтган мавсумда мадридликлар ушбу босқичда “Арсенал”га (0:3, 2:1) мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган эди.
Қисқаси, нафақат мағлубият, балки жамоа ичидаги шундай кичик можаролар ҳам “Реал” учун оғир мавсум кечаётганини яна бир бор намоён қилди.













