Джо Гомес Ливерпулни тарк этиши мумкинлигини истисно қилмади

Ливерпул ҳимоячиси Джо Гомес жамоадаги келажаги борасида ноаниқликлар мавжудлигини тан олди. Футболчининг амалдаги шартномаси якунланишига бир йил қолган бир пайтда, у ёзги трансфер ойнасида клубдан кетиши мумкинлигини очиқчасига айтди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Арне Слот қўл остида ўйин амалиёти камайиб бораётган 28 ёшли ҳимоячи сўнгги икки мавсумда Англия Премер-лигасида бор-йўғи олтита ўйинда асосий таркибда майдонга тушди. Клуб эса ўз навбатида ёш ҳимоячиларни жалб қилиш орқали таркибни янгилашга ҳаракат қилмоқда.
Гомес ўз интервюсида: "Ҳамма нарса бўлиши мумкин. Ростини айтсам, нима бўлишини билмайман. Шартномам тугашига бир йил қолди, аммо тақдирда нима бўлса, ўша бўлади. Ливерпулда ўтказган 11 йилим учун ҳар доим миннатдор бўламан", - дея таъкидлади.
2015-йилда Чарлтон жамоасидан келган Гомес Ливерпул сафида 272 та ўйин ўтказиб, Англия Премер-лигаси, Чемпионлар лигаси ва бошқа кўплаб совринларни қўлга киритган. Унга Нюкасл Юнайтед ва Астон Вилла каби клублар қизиқиш билдирмоқда.
Ливерпул раҳбарияти яқин орада қарор қабул қилиши керак: футболчи билан шартномани узайтириш ёки уни текинга қўйиб юбормаслик учун ёзда трансферга қўйиш. Ибраҳима Конате билан янги шартнома масалалари ва янги ҳимоячиларнинг келиши Гомеснинг жамоада қолиш имкониятларини янада камайтириши мумкин.













