Ҳусанов “Барселона” услубига тўлиқ мос келади — мураббий

Ҳусанов “Барселона” услубига тўлиқ мос келади — мураббий

“Барселона” клубининг Қирғизистоннинг Манас шаҳридаги академияси мураббийи, ўзбекистонлик мутахассис Рафаэль Муслимов “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусановнинг каталонияликлар услубига мослиги ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Унинг таъкидлашича, Абдуқодир Ҳусановда Хосеп Гвардиола ҳимоячиларда юқори баҳолайдиган барча асосий сифатлар мавжуд: юқори тезлик, жисмоний куч, агрессив ўйин услуби, футбол интеллекти ва тез ўрганиш қобилияти.

Мураббий фикрича, бу сифатлар Ҳусановни Хосеп Гвардиола тизимида муҳим футболчилардан бирига айлантирган. Унинг айтишича, Гвардиола ҳимоячининг кучли жиҳатларини яхши тушунади ва уларни тактик схемада самарали қўллай олади.

Муслимовнинг сўзларига кўра, бундай ўйин услубида ҳимоячилар тез қарор қабул қилиш, рақиб ҳужумларини тўхтатиш, бўш ҳудудларни ёпиш ва ҳужумни тезда қайта қуриш каби вазифаларни бажаради. Ҳусанов эса бу талабларни тўлиқ бажара оладиган футболчилардан бири сифатида кўрилмоқда.

Шу билан бирга, мутахассис Гвардиола учун ҳимоячининг ўйинни олдиндан ўқиш қобилияти, тўғри позиция танлаш ва босим остида совуққон қарор қабул қилиш жуда муҳим эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқодир Ҳусанов 2025 йил январь ойида Франциянинг “Ланс” клубидан “Манчестер Сити”га 40 миллион еврога трансфер қилинган. Ҳозирда у жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланиб, ҳимоя чизиғида муҳим роль ўйнамоқда.

Европа матбуоти эса ўзбекистонлик футболчининг келажаги “Челси”, “Реал”, “Барселона” ва “Бавария” каби топ-клублар билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлаб келмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.