Сувни энг кўп ичадиган давлатлар рейтинги эълон қилинди

Сувни энг кўп ичадиган давлатлар рейтинги эълон қилинди

Марказий Осиё давлатлари аҳоли жон бошига сув истеъмоли бўйича жаҳон рейтингида биринчи ўнталикдан ўрин олди. Рейтингда Туркманистон пешқадамлик қилган бўлса, Ўзбекистон минтақа мамлакатлари орасида учинчи поғонадан жой эгаллади. Бу ҳақда “Worldometer” портали томонидан эълон қилинган сувдан фойдаланиш глобал индексида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, минтақада йиллик сув истеъмолининг умумий ҳажми бўйича Ўзбекистон 54,56 миллиард кубометр кўрсаткич билан етакчилик қилмоқда.

Кейинги ўринларда эса қуйидаги давлатлар қайд этилган:

— Туркманистон — 27,9 миллиард кубометр;

— Қозоғистон — 22,77 миллиард кубометр;

— Тожикистон — 11,49 миллиард кубометр.

Энг паст кўрсаткич Қирғизистон ҳиссасига тўғри келган бўлиб, бу мамлакатда йиллик сув истеъмоли тахминан 8 миллиард кубометрни ташкил қилган.

Аҳоли жон бошига кунлик ўртача сув сарфи бўйича Туркманистон мутлақ жаҳон етакчиси сифатида қайд этилди. У ерда бир киши ҳисобига кунига 15 445 литр сув тўғри келади.

Сув ресурсларидан энг кўп фойдаланувчи давлатлар ўнталигига, шунингдек, Чили — 5880 литр ва Гайана — 5284 литр кўрсаткич билан кирган.

Улардан кейинги поғоналарни эса қуйидаги давлатлар эгаллаган:

— Ўзбекистон — 4778 литр;

— Тожикистон — 4460 литр;

— Қирғизистон — 4153 литр.

Шу билан бирга, топ-10 рўйхатидан АҚШ, Эрон, Эстония ва Озарбайжон ҳам ўрин олган. Қозоғистонда эса кунлик ўртача сув сарфи минтақа бўйича энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, бир киши ҳисобига 3397 литрни ташкил этган.

Сувдан энг тежамкор фойдаланиш даражаси Африка давлатларида, айниқса Конго Демократик Республикасида кузатилмоқда. У ерда бир киши кунига атиги 32 литр сув сарфлайди.

Мутахассислар фикрича, ушбу ҳолат фонида Ўзбекистонда сувнинг мақсадсиз сарфланишига қарши чоралар кучайтирилиб, каналларни модернизация қилишга қаратилган давлат дастурлари янада фаоллаштирилмоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Aziza Shukhratova
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.