Роберт Левандовски Барселонани тарк этмоқчи: бунга Лионел Месси ва Криштиано Роналдо сабабми?

Роберт Левандовски ёзги трансфер ойнасида Барселона билан хайрлашишга қарор қилди. Полшалик тажрибали ҳужумчи ўзини жамоанинг асосий фигурасидек ҳис қиладиган ва доимий ўйин амалиётига эга бўладиган янги манзил изламоқда. Ханси Флик қўл остида бу мавсумда у кўпинча захирада қолиб кетаётгани футболчининг қарорига таъсир кўрсатди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Маълум бўлишича, Левандовски ўз қарорини қабул қилишда Лионел Месси ва Криштиано Роналдонинг фаолиятига қараб иш тутмоқда. У Интер Миами ва Ал-Насср сафида ҳамон етакчи бўлиб қолаётган бу икки афсонани кўриб, ўзи ҳам катта футболнинг марказида қолишни истайди. У захира ўриндиғида ўтиришни мутлақо истамайди.
Полша терма жамоаси бош мураббийи Жан Урбанинг ўғли Piотр Урбан бу борада шундай дейди: "Роберт Испанияда барчасига эга: ажойиб клуб, гўзал шаҳар ва обрў. Бироқ у Месси ва Роналдонинг ўз клубларида ҳамон энг яхши даражада ўйнаётганини кўриб, ўз амбицияларидан воз кечишни истамаяпти. У учун асосий таркибда бўлиш ҳар қандай пулдан муҳимроқ".
Статистикага кўра, Левандовски жорий мавсумда Ла Лига доирасидаги 29 та ўйиннинг атиги 15 тасида асосий таркибда майдонга тушган. Бу ҳолат футболчининг ўзига бўлган ишончини ва мақомини пасайтирмоқда. Шу сабабли, у Барселонадан кетишни ўзи истаётгани ва бу қарор спорт амбициялари билан боғлиқлиги таъкидланмоқда.
Ҳозирда Левандовски учун MLS ва Саудия Pro лигасидан қизиқарли таклифлар мавжуд. Ҳужумчи ўзини жамоанинг биринчи рақамли ҳужумчиси деб биладиган лойиҳани танлашга устуворлик бермоқда. Барселона эса ёшартириш жараёнини бошлагани боис, полшалик юлдуз билан хайрлашишга тайёр бўлиши мумкин.













