Роберто Де Зерби Тоттенхемни огоҳлантирди: "Биз ҳали хавфсиз зонада эмасмиз"

Роберто Де Зерби ўз шогирдларини Англия Премер-лигасидаги ўрнини сақлаб қолиш борасида хотиржамликка берилмасликка чақирди. Италиялик мутахассис жамоа ҳали математик жиҳатдан элитадаги ўрнини кафолатламаганини таъкидлаб, олдинда турган Челси билан баҳсга жиддий тайёргарлик кўриш зарурлигини билдирди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Мураббийнинг сўзларига кўра, жамоа ҳали бир очко жамғариши керак ва бу вазифа бажарилмагунча хотиржамликка ўрин йўқ. "Биз бир ой олдинги вазиятни унутмаслигимиз керак. Ҳали хавфсиз эмасмиз, шунинг учун курашни давом эттириш ва диққатни жамлаш талаб этилади", — деди Де Зерби матбуот анжуманида.
Таркибдаги янгиликларга тўхталадиган бўлсак, дарвозабон Гуглиелмо Викарио жароҳатдан сўнг сафга қайтди, бироқ унинг ўрнини муносиб тўлдирган Антонин Кинскй ҳам мураббий ишончини қозонган. Де Зерби ким асосий таркибда майдонга тушишини ўйин олдидан ҳал қилишини маълум қилди.
Шунингдек, жамоа ҳужумчиси Доминик Соланке жароҳати сабабли ўйинни ўтказиб юборади. Ярим ҳимоячи Жамес Маддисон эса сафга қайтмоқда, бироқ унинг 90 дақиқа ўйнашга тайёрлиги ҳали сўроқ остида. Капитан Кристиан Ромеро эса майдонга қайтишга яқин турибди.













