Эден Ҳазард нега Реал Мадридда Криштиано Роналдонинг 7-рақамини олишни истамаган?

Реал Мадриднинг собиқ ҳужумчиси Эден Ҳазард Испанияга ўтиши атрофидаги босим ва миш-мишлар ҳақида очиқ гапирди. Белгиялик футболчи Криштиано Роналдо билан таққосланишни рад этиб, Мадридга келганида умуман бошқа рақамни сўраганини маълум қилди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
2019-йилда Челси сафидан 100 миллион евро эвазига трансфер қилинган Ҳазард, Криштиано Роналдо кетганидан бир йил ўтиб жамоага келиб қўшилганди. Унга афсонавий 7-рақамли либос топширилган бўлса-да, футболчи ўзини португалиялик юлдузнинг ўрнини босувчи сифатида кўрмаганини таъкидлади.
Канал Plus нашрига берган интервюсида Ҳазард шундай деди: “Мен у ерга Эден сифатида ўйнаш учун борганман, Роналдони алмаштириш учун эмас. ОАВ мен ҳақимда нотўғри тасаввур уйғотди. Мен йилига 60-70 та гол урадиган футболчи эмасман, фаолиятим давомида ҳам бунча гол урмаганман”.
Шунингдек, Ҳазард дастлаб Лука Модрикнинг 10-рақамини олишни истаганини тан олди: “Мен 7-рақамни хоҳламаган эдим. Мен Лука Модрикнинг 10-рақамини сўрагандим. У рози бўлади деб ўйлагандим, аммо у рақамни бермади”.
Ҳазард Реал Мадрид сафида тўрт мавсум давомида 76 та ўйинда майдонга тушиб, атиги 7 та гол ва 12 та голли узатмага муаллифлик қилди. Жароҳатлар туфайли қийналган футболчи Мадрид клуби билан Ла Лига, Испания кубоги ва Чемпионлар лигаси каби бир қатор совринларни қўлга киритган.













