Нонито Донэр Наоя Иноуэни тўхтатиши мумкин боксчини айтди

Нонито Донэр Наоя Иноуэни тўхтатиши мумкин боксчини айтди

Тўрт вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Нонито Донэр япон бокс юлдузи Наоя Иноуэни мағлуб эта оладиган спортчи ҳақида фикр билдирди. Унинг назарича, бу вазифани бажаришга техник жиҳатдан Жесси Родригеснинг имконияти бор.

Донэрнинг таъкидлашича, Родригес услуб, ҳаракатчанлик ва рингдаги техник маҳорат борасида Иноуэга муаммо туғдира оладиган боксчилардан бири ҳисобланади. Унда тезлик, комбинацион ишлаш, ҳимоядан ҳужумга ўтиш ва рақибни ноқулай вазиятга тушириш каби муҳим кўникмалар бор.

“Техник маҳорат ва услуб жиҳатдан Жесси Родригес Иноуэни енга олади. Унда барча керакли кўникмалар мавжуд. Бироқ унинг кичик бўйи катта камчилиги бўлиши мумкин. Чунки кичкина габарит билан Наоядек рақибга қарши ҳаракат қилиш қийин”, — дея Донэрнинг сўзларини келтиради The Ring нашри.

Шу билан бирга, Донэр Родригес учун асосий муаммо жисмоний ўлчамлар бўлиши мумкинлигини ҳам яширмади. Иноуэ каби зарба кучи юқори, тезкор ва рингда босимни кучайтиришни яхши биладиган рақибга қарши кичик габарит билан ҳаракат қилиш осон эмас.

Наоя Иноуэ ҳозирги профессионал бокснинг энг хавфли ва энг барқарор чемпионларидан бири сифатида эътироф этилади. У ҳали фаолияти давомида мағлубиятга учрамаган. Япониялик боксчи 33 та жангнинг барчасида ғалаба қозонган.

Жесси Родригес ҳам профессионал рингда мағлубиятсиз ҳаракат қилмоқда. У 23 та жанг ўтказиб, барчасида зафар қучган. Ушбу ғалабаларнинг 16 таси муддатидан аввал қўлга киритилган.

Қисқаси, Донэр Иноуэни енгиш учун фақат куч эмас, ақл, техника ва мос услуб кераклигини айтмоқда. Унингча, Родригесда шу имконият бор. Аммо Иноуэга қарши рингга чиқиш — бу оддий имтиҳон эмас, боксдаги “босс файт” деса ҳам бўлади.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.