Ўзбекистонда Қурбон ҳайити куни расман эълон қилинди

Ўзбекистонда бу йил муборак Қурбон ҳайити 27 май куни нишонланиши расман тасдиқланди. Бу ҳақда 20 май куни Президентнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, мамлакатда тинчлик-осойишталик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2026 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 27 май — чоршанбага тўғри келиши ҳақидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди ҳамда ушбу сана байрам сифатида кенг нишонланиши белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 208-моддасига асосан Қурбон ҳайитининг биринчи куни расман ишланмайдиган байрам куни ҳисобланади.
Қайд этилишича, Президентнинг 2025 йил 24 декабрдаги ПФ–257-сонли фармонига мувофиқ, қўшимча дам олиш кунлари ҳам белгиланган.
Жумладан:
— барча ходимлар учун 28 май — пайшанба ва 29 май — жума қўшимча дам олиш куни бўлади;
— олти кунлик иш ҳафтасида меҳнат қиладиганлар учун 30 май — шанба ҳам дам олиш куни этиб белгиланган.













