Винсент Компани кутилмаган воқеани сўзлаб берди: Бавария устози кумуш ликопчани уйида унутиб қолдирган

Бавария бош мураббийи Винсент Компани Мюнхен клубининг Бундеслига чемпионлигини нишонлаш вақтида юз берган қизиқарли ва бироз хавотирли воқеани сўзлаб берди. Белгиялик мутахассис байрам тантаналари авжига чиққан паллада Германия чемпионига топшириладиган машҳур "Меистерсчале" соврини йўқолиб қолганини тан олди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Манчестер Сити собиқ сардори ҳаяжонли лаҳзаларда нуфузли совринни ўз уйида, аниқроғи ошхонада қолдириб кетганини маълум қилди. Bild нашрига берган интервюсида Компани вазиятни шундай тушунтирди: "Биз бу ерда эдик ва тўсатдан кубок йўқлигини пайқаб қолдим. Кейин эсладим: 'О, у уйимизда қолибди'. Соврин ошхонада ётарди. Кимдир уни бир кун аввал менга бериб, 'Винни, эртага буни ўзинг билан олиб келасан' деганини бутунлай унутибман".
Германия футболининг энг муҳим соврини тостер ёнида қолиб кетгани маълум бўлганда, жамоа расмий қабул маросимига тайёргарлик кўраётган эди. Мураббийнинг рафиқаси Карла Хиггс вазиятни қутқариб қолди — у совринни шаҳар марказига, тантаналар бошланишидан бироз аввал етказиб келди. Компани хатосини Мюнхендаги Мариенплац майдонига кетаётганида пайқаб қолган.
Жамоа аъзолари шаҳар мериясининг иккинчи қаватида шаҳар ҳокими Доминик Краузе томонидан қабул қилинаётган вақтда, кумуш ликопча ҳали йўлда эди. Соврин Бавария президенти Ҳерберт Ҳаинер меҳмонлар олдида нутқ сўзлаётган вақтда залга етиб келди. Шундан сўнг футболчилар анъанага кўра мерия балконига чиқиб, минглаб мухлислар қаршисида чемпионликни нишонладилар.
Тантаналар давомида Леон Горетзка учун ҳам ҳиссиётларга бой лаҳзалар юз берди. Ушбу мавсумдан сўнг жамоани тарк этиши кутилаётган ярим ҳимоячи мухлисларнинг олқишидан таъсирланди. Клуб унинг шарафига ва Бохумдаги илдизларини ҳурмат қилган ҳолда Ҳерберт Гронемеернинг машҳур "Бочум" мадҳиясини янгратди, мухлислар эса юлдуз футболчи билан илиқ хайрлашдилар.













