Рияд Маҳрез: Орзум Лионел Месси билан Барселона сафида ўйнаш эди

Рияд Маҳрез: Орзум Лионел Месси билан Барселона сафида ўйнаш эди

Жазоир терма жамоаси ва Ал-Аҳли юлдузи Рияд Маҳрез фаолиятидаги энг катта орзуси Барселона либосини кийиш ва Лионел Месси билан бир жамоада тўп суриш бўлганини очиқлади. Манчестер Сити сафида кўплаб соврунларни қўлга киритган қанот ҳужумчиси ўз вақтида Каталония клубига ўтишга жуда яқин келганини сўзлаб берди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Лестер таркибида Англия Премер-лигаси чемпионига айланган Маҳрез 2016-йилдаги тарихий ғалабадан сўнг Европанинг энг талабгир футболчиларидан бирига айланган эди. Футболчининг сўзларига кўра, ўша пайтда унга Реал Мадрид, Барселона ва Манчестер Юнайтед каби гранд жамоалардан таклифлар тушган. Бироқ трансфер нархининг юқорилиги ва шартномадаги айрим бандлар унинг орзуси ушалишига тўсқинлик қилган.

"Менинг орзум Пеп Гуардиола қўл остида Барселона сафида Лионел Месси билан бирга ўйнаш эди. Манчестер Сити жамоасига қўшилишдан олдин кўплаб клублар билан музокаралар ўтказганман. Аммо Лестер мени қўйиб юбориш учун жуда катта маблағ талаб қилди. Шартномамда товон пули кўрсатилмагани сабабли трансфер амалга ошмади", — дея таъкидлади Маҳрез.

Маҳрез ўз вазиятини собиқ жамоадоши НЪГоло Канте билан солиштирди. Канте ўз шартномасига 30 миллион евролик товон пули бандини киритгани сабабли Челси клубига осонликча ўтиб кетган эди. Рияд эса бундай банддан воз кечгани учун яна икки йил Лестер сафида қолишга мажбур бўлган.

Испания грандларига ўта олмаганига қарамай, Маҳрезнинг фаолияти муваффақиятли давом этди. У 2018-йилда 60 миллион фунт эвазига Манчестер Сити сафига қўшилди ва Гуардиола қўл остида кўплаб чемпионликларни қўлга киритиб, Англия футболи тарихидаги энг яхши африкалик футболчилардан бири сифатида ном қозонди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Nodirbek Razzokov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.