Топурия ва Гарсия ўртасида сўз жанги авж олди...

UFC чемпиони Илия Топурия ва таниқли боксчи Райан Гарсия ўртасидаги кескин сўз жанги спорт жамоатчилиги эътиборини тортди. Икки жангчи ҳам бир-бирига нисбатан оғир гаплар айтди ва эҳтимолий тўқнашув атрофидаги қизиқишни янада ошириб юборди.
Ҳаммаси Топуриянинг Алваро Колменерога берган интервьюсида Райан Гарсия ҳақида билдирган фикрларидан бошланди. UFC юлдузи боксчини ўзи учун қулай рақиб деб атади ва агар улар ўртасида жанг ташкил этилса, баҳс ҳакамлар қароригача етиб бормаслигини таъкидлади.
“Райан мен учун жуда қулай рақиб. Агар Гарсия билан жанг қилсам, ҳакамларнинг қароригача етиб бормай, уни синдираман. У ўз номини ҳайп асосида яратган, холос”, — деди Топурия.
Бу сўзлар, табиийки, Райан Гарсияни бефарқ қолдирмади. Мексикалик боксчи ижтимоий тармоқлар орқали жуда кескин жавоб қайтарди. У Топурияни MMA учун яхши зарба берувчи жангчи деб тан олган бўлса-да, бокс рингида вазият бутунлай бошқача бўлишини иддао қилди.
Гарсиянинг таъкидлашича, агар улар бокс қоидалари бўйича тўқнаш келса, Топурия учун оқибатлар оғир бўлиши мумкин. У рақибига бошқаларнинг йўлига аралашмасликни маслаҳат бериб, ҳар ким ўз соҳасида қолиши кераклигини айтди.
“Сен MMA учун жуда яхши ударниксан. Бироқ рингдаги тўқнашувимиздан кейин найча орқали овқатланишингга тўғри келади. Бошқаларнинг ишига аралашма. Мен ўз йўлимда, сен ўз йўлингда қол!” — дея жавоб берди Гарсия.
Шундан кейин Илия Топурия ҳам жим турмади. “Матадор” Райан Гарсиянинг фаолиятидаги энг катта ғалабалари стероидлар билан боғлиқ бўлганини киноя қилди ва унинг ҳаддан ташқари баланд ишончига шубҳа билдирди.
“Гарсия, сен фаолиятингдаги энг катта ғалабаларни стероидлар ёрдамида қўлга киритдинг. Лекин қизиқ, нега шунда ҳам ишончинг бунча баланд?” — деди Топурия.
Бу можаро MMA ва бокс ўртасидаги эски баҳсни яна кун тартибига олиб чиқди. Октагонда Топуриянинг универсаллиги, кураш, клинч ва зарба техникаси унга катта устунлик бериши мумкин. Аммо бокс рингида Гарсия тезлиги, қўл зарбалари ва тажрибаси билан хавфли рақибга айланади.
Шунинг учун бундай эҳтимолий тўқнашувда асосий савол битта: жанг қайси қоидалар бўйича ўтади? Агар MMA бўлса, Топурия фаворит кўринади. Агар бокс бўлса, Гарсия ўзини анча ишончли ҳис қилиши аниқ. Қисқаси, қоидалар ўзгарса, “босс” ҳам ўзгаради.
Ҳозирча бу сўз жанги расмий жангга айланадими-йўқми, номаълум. Аммо ҳар икки спортчи ҳам мухлислар эътиборини қандай ушлашни яхши билади. Топурия кескин баёнотлари билан, Гарсия эса провокацион жавоблари билан катта шоу учун замин яратмоқда.
Қисқаси, Илия Топурия ва Райан Гарсия ўртасидаги можаро спорт майдонидаги эҳтимолий катта тўқнашувга айланиши мумкин. Ҳозирча улар ринг ёки октагонда эмас, сўзлар орқали жанг қилмоқда. Лекин бу темпда давом этса, промоутерлар ҳам “буни сотиш мумкин” деб қолиши ҳеч гап эмас.













