Раян Рейнолдс ва Роб Макелхенни Лионель Месси ҳамда Криштиано Роналдони таклиф қилиши мумкин

Голливуд юлдузлари Раян Рейнолдс ва Роб Макелхенни бошқарувидаги Врехҳам клубининг мисли кўрилмаган юксалиши бутун дунё эътиборини тортмоқда. Эндиликда ушбу жамоа футбол тарихидаги энг йирик иконалар билан шартнома имзолаши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Англия Премер-лигасининг собиқ мураббийи Тони Пулиснинг фикрича, Шимолий Уелс клуби Лионель Месси, Криштиано Роналдо ёки Неймар каби юлдузларни ўз сафига жалб қилиш учун ўзига хос жозибага эга. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
2021-йил феврал ойида амалга оширилган шов-шувли хариддан сўнг, Врехҳам қуйи лигадаги оддий жамоадан глобал феноменга айланди. Майдондаги натижалар ҳам тижорий ўсиш каби тезкор бўлди — Фил Паркинсон бошчилигидаги жамоа кетма-кет уч марта юқори лигаларга кўтарилишга муваффақ бўлди. Ўтган мавсумда жамоа Чемпионшипда еттинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичидан атиги икки очко масофада тўхтади.
Клуб Англия Премер-лигасига чиқишни мақсад қилар экан, унинг сафига қайси жаҳон даражасидаги юлдузлар келиши борасидаги муҳокамалар қизғин тус олмоқда. Кўп карра "Олтин тўп" соҳибларини таклиф қилиш бошқа клублар учун хаёл бўлиб туюлса-да, Пулис Врехҳам ўз амбицияларига чегара қўймаслиги кераклигини таъкидламоқда. Уелслик мутахассис эгаларининг харизмаси ва клубнинг нуфузи ҳар қандай трансферни амалга оширишга имкон беради деб ҳисоблайди.
Тони Пулис БОЙЛE Sportс нашрига берган интервюсида шундай деди: "Врехҳамнинг навбатдаги йирик трансфери? Криштиано Роналдо, Лионель Месси ёки Неймар — нима учун йўқ? Уелс, айниқса Шимолий Уелс жуда гўзал жой. Гарчи бу юлдузлар ҳозирда АҚШ, Саудия Арабистони ва Бразилияда тўп сураётган бўлса-да, Уелс меҳмондўстлиги уларни ўзига жалб қилиши мумкин".
Пулиснинг ҳазиломуз оҳангда қўшимча қилишича, молиявий имкониятлардан ташқари, ҳудуднинг табиати ва одамларнинг самимийлиги асосий омил бўлади: "Уларга бу ерда қуёш ҳеч қачон ботмаслигини ва таомлар ажойиблигини айтинг. Ҳатто ҳаво ёмғирли бўлса ҳам, уелсликлардан кўра самимийроқ одамларни топиб бўлмайди. Суперюлдузларни Врехҳамга олиб келиш учун айнан мана шу энг кучли далилдир".













