Россия орбитал станциясини сунъий интеллект бошқаради

Келажакда барпо этиладиган Россия орбитал станциясида (РОС) асосий жараёнларни бошқариш учун сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланиш режалаштирилмоқда. Тизим кемаларнинг туташувидан тортиб, станциянинг умумий фаолиятигача бўлган жараёнларни назорат қилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Роскосмос рақамли трансформация департаменти директори Дмитрий Горшковнинг сўзларига кўра, сунъий интеллект бошқарув ва функционаллик учун жавобгар бўлади. Бу эса космонавтларга станцияни бошқаришга чалғимасдан, асосий эътиборни илмий тажрибаларга қаратиш имконини беради.
Ушбу лойиҳа учун сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқишда Россия саноатининг етакчи вакиллари, хусусан, Sberbank (Сбер) асосий ҳамкор сифатида иштирок этмоқда. Таъкидланишича, бундай даражадаги автоматлаштириш ҳозирча жаҳон космик станциялари амалиётида деярли қўлланилмаган.
РОС станциясининг ўзаги тўртта модулдан — илмий-энергетика, универсал узелли, шлюзли ва базавий модуллардан иборат бўлади. Кейинчалик унга яна иккита мақсадли модул уланиши кўзда тутилган.
Режага кўра, Россия орбитал станцияси ўзининг якуний конфигурациясига тахминан 2034-йилга келиб эга бўлади. Ҳозирда тизимнинг дастурий таъминоти ва автоном ишлаш алгоритмлари устида иш олиб борилмоқда.













