Туркияда ўзбеклар меҳнати билан бунёд этилган "Бухоро" масжиди очилди

Туркиянинг Хатай вилоятида Ўзбекистон иштирокида бунёд этилган янги масжид фойдаланишга топширилди. Ушбу ибодат маскани икки давлат ўртасидаги дўстона ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси сифатида баҳоланмоқда.
Маълумотларга кўра, масжидга Туркияда оғир синовли даврларда ўзбек халқи кўрсатган беғараз ёрдам ва бирдамликка миннатдорлик рамзи сифатида “Бухоро” номи берилган.
Янги ибодатхонаси 3,2 мингга яқин хонадондан иборат йирик тураржой мажмуасининг марказида жойлашган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 500 нафаргача намозхонни қабул қила олади. Бинонинг замонавий меъморий ечими, қулай шароитлари ва эстетик кўриниши билан ажралиб туриши таъкидланмоқда.
Тадбир якунида иштирокчилар мазкур лойиҳа икки давлат ўртасидаги дўстлик алоқалари ҳамда гуманитар ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этишди.













