Ўзбекистонда кўчмас мулк солиғи энди бозор нархи асосида ҳисобланади

Ўзбекистонда кўчмас мулк ва айрим товарлар бўйича солиқ базасини аниқлаш тартиби янгиланмоқда. Бу ўзгаришлар нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш, яширин иқтисодиёт улушини камайтириш ва бозордаги сунъий паст ёки юқори нархларнинг олдини олишга қаратилган.
Президент томонидан 2025 йил 10 декабрда имзоланган фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 январдан бошлаб кўчмас мулк ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланиши назарда тутилган эди. Шундан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси 2026 йил 18 май куни “Солиқ базасини айрим товарларнинг бозор нархидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби тўғрисида”ги низомни тасдиқлади.
Мазкур низом Солиқ кодексига мувофиқ кўчмас мулк объектлари ҳамда ёғоч маҳсулотлари бўйича солиқ базасини бозор қиймати асосида аниқлаш тартибини белгилайди.
Янги тартиб солиқ тўловчилар томонидан сотилган товарлар ҳисоб ҳужжатларида акс эттирилган нарх бозор нархидан 20 фоизга паст ёки юқори бўлган ҳолларда қўлланади. Яъни, агар шартномада кўрсатилган нарх реал бозор қийматидан кескин фарқ қилса, солиқ органлари бундай ҳолатни қайта ҳисоблаш ҳуқуқига эга бўлади.
Низомга кўра, солиқ органлари солиқ базасини аниқлашда таққосланадиган бозор нархлари усулидан фойдаланади. Кўчмас мулк объектларининг бозор қиймати эса кўчмас мулкни оммавий баҳолаш соҳасида махсус ваколатли орган томонидан белгиланади.
Солиқ органлари бозор нархини аниқлашда турли ахборот манбаларидан ҳам фойдаланиши мумкин. Улар орасида нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими, аукцион ва давлат харидлари платформалари, сотувчиларнинг нархномалари ҳамда бошқа маълумотлар бор.
Ёғоч маҳсулотлари бўйича бозор нархи биржа савдоларида сотилаётган айнан ўхшаш ёки ўхшаш турдаги товарлар нархлари асосида ҳисобланади.

Қарорда келтирилган шартли мисол ҳам янги тартиб қандай ишлашини кўрсатади. Масалан, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган янги қурилган турар жой 1 квадрат метри 1,07 миллион сўмдан сотилгани ҳужжатларда кўрсатилган. Умумий майдон 216,04 квадрат метр бўлиб, шартнома қиймати 231,2 миллион сўмни ташкил қилган.
Бироқ шу ҳудуддаги янги қурилган кўчмас мулк объектларининг ўртача бозор нархи 1 квадрат метр учун 6,1 миллион сўм деб аниқланган. Бу ҳолатда расмий сотув нархи бозор баҳосидан 20 фоиздан анча кўпроқ фарқ қилмоқда. Шу сабаб солиқ базаси шартномадаги 231,2 миллион сўмдан эмас, балки бозор қиймати асосида — 1 миллиард 317,8 миллион сўмдан келиб чиқиб ҳисобланади.
Натижада камайтириб кўрсатилган солиқ базаси 1 миллиард 86,6 миллион сўмни ташкил қилгани кўрсатилган. Ушбу фарқ бўйича қўшимча ҚҚС ва фойда солиғи ҳисобланади. Мисолда умумий қўшимча солиқ миқдори 244,5 миллион сўмни ташкил этган.
Бу тартиб амалда кўчмас мулк ва айрим товарлар савдосида нархларни сунъий равишда пасайтириб кўрсатиш ҳолатларини камайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, давлат бюджетига солиқ тушумларининг тўлиқ ва адолатли тушишини таъминлаш мақсад қилинган.
Қисқаси, янги низом бозорда “қоғозда бошқа, амалда бошқа” нарх кўрсатиш амалиётига жиддий тўсиқ қўяди. Кўчмас мулк сотувида энди фақат шартномадаги рақам эмас, реал бозор баҳоси ҳам муҳим бўлади. Солиқ тизими шаффофликка ўтяпти — калькуляторни ҳам, виждонни ҳам тўғри ишлатиш вақти келди.













