Трамп Ҳўрмуз бўғози ёпиқ бўлса ҳам ҳарбий ҳаракатни якунлашга тайёр

The Wall Street Journal маълумотига кўра, Доналд Трамп ва унинг маслаҳатчилари АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий кампаниясини Ҳўрмуз бўғози ёпиқ бўлиб турган ҳолда ҳам якунлашга тайёрлигини маълум қилишди. Манбаларга кўра, сўнгги кунларда президент ва маслаҳатчилари Ҳўрмузни очиш бўйича режалаштирилган амалиёт тўрт-олти ҳафтадан ортиқ вақт талаб қилиши мумкин, деган хулосага келишган.
Нашр ёзишича, Трамп Эрон флотини заифлаштириш ва ракета дастурини йўқ қилишни асосий мақсад сифатида белгилаган. Бу вазифалар амалга оширилгандан кейин у ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва эркин савдони тиклаш учун Теҳронга дипломатик босим ўтказишни режалаштирмоқда. Агар бу мақсадга эришилмаса, Ҳўрмуз бўғозини очиш масаласи Европа иттифоқчилари ва Форс кўрфази давлатларига қолдирилади.
Трамп ва жамоаси фикрича, Ҳўрмуз АҚШдан кўра Европа, Яқин Шарқ ва Осиё учун стратегик аҳамиятга эга. Сўнгги ҳафталарда Вашингтондаги маъмурият вакиллари иттифоқчилар ва ҳамкорларга бўғозни очишга тайёргарлик кўриш учун музокаралар ўтказишни сўраб мурожаат қилишган.
30 март куни Трамп «янги ва нисбатан ақллироқ режим» билан Эрондаги ҳарбий операцияни якунлаш бўйича музокаралар олиб борилаётганини айтди ва агар Ҳўрмуз дaрҳол очилмаса, Эроннинг электр станцияларига зарба бериш билан таҳдид қилди. The Wall Street Journal шу куни АҚШ экспедиция корпуси ва 82-ҳаво десант дивизияси бўлинмалари ҳудудга етиб келганини, Трамп эса яна 10 минг ҳарбий юбориш имкониятини кўриб чиқаётганини хабар қилди.
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт ҳам 30 мартда АҚШнинг Ҳўрмуздаги амалиётларни нормаллаштириш устида ишлаётганини таъкидлади, бироқ буни Эрон флоти ва ракета дастурига зарба бериш каби муҳим ҳарбий мақсадлар қаторида айтмади. АҚШ давлат котиби Марко Рубио ҳам кампаниянинг бир неча ҳафта ичида якунланишини маълум қилди ва Ҳўрмуз бўғози муаммоси эса Эроннинг ҳаракатларига боғлиқ бўлишига эътибор қаратди.













