Марказий Осиё сув истеъмолида жаҳон етакчилари қаторида: Ўзбекистончи?

Жаҳон миқёсида сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича янги статистик маълумотлар эълон қилинди. “Worldometer” портали тақдим этган глобал индексга кўра, Марказий Осиё давлатлари аҳоли жон бошига тўғри келадиган сув истеъмоли бўйича дунёнинг энг юқори ўнталигидан ўрин олган.
Ҳудудда бу борада етакчилик Туркманистон зиммасига тўғри келади. Маълумотларга кўра, ушбу мамлакатда бир киши кунига ўртача 15 445 литр сув сарфлайди. Бу кўрсаткич уни глобал рейтингда мутлақ етакчига айлантирган.
Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар ҳам юқори ўринларда қайд этилган. Хусусан, Ўзбекистон минтақада йиллик умумий сув истеъмоли бўйича 54,56 миллиард куб метр билан биринчи ўринни эгаллаган. Аҳоли жон бошига кунлик сарф эса 4778 литрни ташкил этиб, бу уни дунё бўйича етакчи ўнталикдан жой олган давлатлардан бирига айлантиради.
Кейинги ўринларда:
- Қозоғистон — 22,77 миллиард куб метр йиллик истеъмол, бир киши учун 3397 литр;
- Тожикистон — 11,49 миллиард куб метр, 4460 литр;
- Қирғизистон — тахминан 8 миллиард куб метр, 4153 литр.
Таҳлилларга кўра, сув истеъмоли бўйича энг юқори кўрсаткичлар Марказий Осиё билан бир қаторда Чили, Гаяна, АҚШ, Эрон, Эстония ва Озарбайжон каби давлатларда ҳам кузатилган.
Энг тежамкор фойдаланувчи эса Африка қитъасидаги Конго Демократик Республикаси бўлиб, у ерда бир киши кунига атиги 32 литр сув сарфлайди.
Мутахассислар фикрича, бундай юқори истеъмол кўрсаткичлари суғориш тизимлари, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма билан боғлиқ бўлиб, минтақа давлатларида сувни тежаш ва замонавий ирригация тизимларини ривожлантириш масаласи тобора долзарб бўлиб бормоқда.
Ўзбекистонда ҳам сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, каналларни модернизация қилиш ва исрофгарчиликка қарши курашиш бўйича давлат дастурлари кенгайтирилгани қайд этилмоқда.













