Қозоғистон Марказий Осиёда илк бор сунъий ёмғир ёғдиришни бошлади

Қўшни Қозоғистоннинг кўҳна ва навоийхон Туркистон шаҳрида минтақамиз учун мутлақо янги ва инқилобий бўлган экологик лойиҳага старт берилди. Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, қардош давлат сунъий равишда ёғингарчилик чақириш технологиясини амалиётга татбиқ этган Марказий Осиёдаги биринчи мамлакатга айланди.
Юқори мартабали меҳмонлар иштирокидаги тақдимот
Ушбу тарихий тизимнинг ишга туширилиш маросими халқаро миқёсда юқори даражада ташкил этилди. Тадбирда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари – Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш вазири Жаслан Мадиев, БМТ Бутунжаҳон метеорология ташкилоти раҳбари ҳамда БАА Миллий метеорология маркази бош директори Абдуллоҳ Аҳмад Ал-Мандус, шунингдек, Амирликларнинг Қозоғистондаги элчиси Муҳаммад Саид Муҳаммад Ал-Ариқий ва вилоят ҳокими Нуралхон Кушеров иштирок этди.
Миллион гектарга яқин ер об-ҳаво инжиқликларидан ҳимояланади
Янги лойиҳа Туркистон вилоятининг 911 минг гектардан ортиқ унумдор ва ҳайдаладиган майдонларини сув тақчиллиги ҳамда қаҳатчиликдан асрашга қаратилган. Мазкур замонавий тизим иқлимни сунъий ўзгартириш бўйича дунёда бой тажрибага эга бўлган Бирлашган Араб Амирликлари Миллий метеорология маркази билан яқин ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этилмоқда.
«Қозоғистон иқлим барқарорлигини таъминлаш йўлида дадил қадам ташламоқда. Бундай улкан ташаббус минтақамизда биринчи бор кузатиляпти. Бу биз учун илм-фан, халқаро дўстлик ва рақамли ечимларга асосланган янги иқлим инфратузилмасининг дебочасидир», — дея таъкидлади Жаслан Мадиев.
Халқаро тажриба ва хавфсизлик
Жаҳон таҳлиллари шуни кўрсатадики, сунъий равишда булутларга таъсир кўрсатиш йўли билан ёмғир миқдорини 10 фоиздан 20 фоизгача ошириш мумкин. Айни пайтда бу усулдан АҚШ, Хитой, БАА, Франция ва Саудия Арабистони каби ривожланган давлатлар унумли фойдаланиб келмоқда.
Кўпчиликни хавфсизлик масаласи қизиқтириши табиий. Мутахассисларнинг тинчлантиришича, ушбу технология фақатгина маҳаллий хусусиятга эга бўлиб, таъсир доираси 5 километрдан ошмайди. У глобал об-ҳавога салбий таъсир ўтказмайди. Булутларга ишлов беришда халқаро миқёсда хавфсиз деб тан олинган оддий тузли реагентлардан фойдаланилади.
Даромад ва ҳосилдорлик ошади
Мазкур иновацион ечим қишлоқ хўжалиги экинларини ўз вақтида обиҳаёт билан таъминлашга, қурғоқчилик келтирадиган миллионлаб зарарларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг йиллик соф иқтисодий самараси нақ 35 миллиард тенгени ташкил этиши кутилмоқда.
Сизнингча, Ўзбекистоннинг сув тақчил бўлган ҳудудларида ҳам мана шундай сунъий Ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш вақти келдими?













