Бангладешда қизамиқ авж олди: юзлаб болалар ҳалок бўлди

Бангладешда қизамиқ авж олди: юзлаб болалар ҳалок бўлди

Бангладешда қизамиқ касаллиги кескин кучайиб, эпидемиологик вазият тобора мураккаблашмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, жорий йилнинг март ойи ўрталаридан буён ушбу касаллик оқибатида 459 нафар бола вафот этган.

Хабар қилинишича, фақатгина 18 май кунининг ўзида яна олти нафар боланинг ўлими қайд этилган. Улардан бирининг ўлими расман қизамиқ билан боғлиқлиги тасдиқланган бўлса, қолган беш ҳолат ҳам айнан шу касаллик билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, қизамиқ билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг 75 таси лаборатория текширувлари орқали тасдиқланган. Қолган 384 ҳолат эса гумон қилинмоқда ва ҳозирда қўшимча текширувлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, касаллик тарқалиши ҳам юқори суръатларда давом этмоқда. Бир сутка ичида 240 та янги тасдиқланган ҳолат қайд этилган бўлиб, умумий беморлар сони 7,7 минг нафарга етган. Гумон қилинган ҳолатлар эса яна 1274 тага кўпайиб, умумий ҳисобда қарийб 58 мингга яқинлашган.

Расмий маълумотларга кўра, март ойидан буён мамлакат бўйлаб 42 мингдан ортиқ бемор қизамиқ аломатлари билан шифохоналарга ётқизилган. Уларнинг катта қисмига тиббий ёрдам кўрсатилиб, даволаниб чиқарилгани айтилмоқда.

Пойтахт Дакка шаҳрида эса вазият янада мураккаб тус олмоқда. Бу ерда вакцина таъминотидаги узилишлар сабаб масъулларга нисбатан норозилик намойишлари ўтказилмоқда. Фуқаролар соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларни зудлик билан ҳал этишни талаб қилмоқда.

Мутахассислар эса касаллик тарқалишини тўхтатиш учун оммавий эмлаш кампанияларини кучайтириш, санитария қоидаларига қатъий риоя қилиш ва аҳоли орасида тушунтириш ишларини кенгайтириш зарурлигини таъкидламоқда.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Charos
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.