АПЛда чемпионлик тақдирини ҳал қилувчи ўта шиддатли баҳс...

АПЛда чемпионлик тақдирини ҳал қилувчи ўта шиддатли баҳс...

Англия Премьер-лигасининг жорий мавсуми ўз якунига яқинлашиб бормоқда, бироқ чемпионлик учун кураш тақдири ҳали ҳам сўроқ остида турибди. Бугун АПЛнинг 37-тури доирасида «Манчестер Сити» жамоаси сафарда кучли рақиб — «Борнмут» меҳмони бўлади. Мазкур учрашув катта эҳтимол билан ушбу мавсумдаги бош соврин кимга насиб этишига узил-кесил ойдинлик киритиб бериши кутилмоқда.

«Манчестер Сити» очко йўқотса, «Арсенал» чемпион!

«Шаҳарликлар» учун бугунги ўйинда ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа мағлубиятга тенг. Агар Хосеп Гвардиола шогирдлари бугун мағлуб бўлса ёки дуранг ўйнаб, очко йўқотса, Лондоннинг «Арсенал» клуби муддатидан илгари Англия чемпионлигини расмийлаштиради.

Аслида манчестерликлар жорий мавсумда ички аренада иккита йирик соврин — Лига кубоги ва ФА кубогида аллақачон зафар қучиб бўлишди. АПЛда ғолиб чиқиш имкониятлари бироз паст баҳоланаётган бўлса-да, улар охиригача курашишмоқчи. Бунинг учун «Сити» дастлаб «Борнмут»ни таслим этиши, сўнгги турда ҳам ғалаба қозониши ва шу билан бирга, «Арсенал»нинг «Кристал Пэлас»га қарши баҳсда қоқилишини кутиши лозим. Вазият тўлиқ Гвардиола жамоасига боғлиқ бўлмаса-да, Пеп сўнгги имконият учун бор кучини ишга солиши аниқ.

Қолаверса, бу ўйинлар тарихий аҳамиятга эга: Гвардиола 10 йиллик унумли фаолиятдан сўнг мавсум якунида жамоани тарк этиши кутилмоқда ва сўнгги турдаги «Астон Вилла»га қарши баҳс у учун «Сити» бошқарувидаги охиргиси бўлиши мумкин.

«Борнмут» ва Андони Ираоланинг тарихий мақсади

Майдон эгаларини ҳам осонгина таслим бўладиган жамоа деб бўлмайди. «Олчалар» АПЛ доирасида нақ 16 та баҳсдан бери мағлубият нималигини билмай келишмоқда. Ушбу ажойиб кўрсаткич эвазига жамоа кейинги мавсумда Европа Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритишни ўз олдига мақсад қилган. Бош мураббий Андони Ираола ҳам мавсум тугагач клубдан кетишини эълон қилган ва хайрлашув олдидан жамоани нуфузли еврокубокка олиб чиқишга аҳд қилган.

Жамоаларнинг ўзаро охирги 5 та учрашувига назар ташласак, устунлик асосан Манчестер клуби томонида эканини кўрамиз, бироқ «Борнмут» ўз уйида қандай сюрпризлар қилишга қодирлигини исботлаб бўлган:

  • 02.11.2025. «Манчестер Сити» – «Борнмут» — 3:1

  • 20.05.2025. «Манчестер Сити» – «Борнмут» — 3:1

  • 30.03.2025. «Борнмут» – «Манчестер Сити» — 1:2

  • 02.11.2024. «Борнмут» – «Манчестер Сити» — 2:1

  • 24.02.2024. «Борнмут» – «Манчестер Сити» — 0:1

Вакилимиз Абдуқодир Ҳусанов тахминий таркибда!

Ўзбек футболи ишқибозлари учун энг қувонарли жиҳати шундаки, нуфузли инсайдерлар томонидан берилган тахминий таркибларда ҳамюртимиз — иқтидорли марказий ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов «Манчестер Сити»нинг асосий таркибида майдонга тушиши кутилмоқда.

Жамоаларнинг тахминий бошланғич таркиблари:

  • «Борнмут»: Петрович, Смит, Хилл, Трюффер, Сенеси, Скотт, Адамс, Райян, Крупи, Таверниер, Эванилсон.

  • «Манчестер Сити»: Доннарумма, Нунес, Ҳусанов, Геҳи, О’Райли, Гонсалес, Силва, Шерки, Семенё, Доку, Ҳоланд.

Эслатиб ўтамиз, ушбу муросасиз ва ҳаяжонли учрашув бугун, 19 май куни Тошкент вақти билан соат 23:59 да старт олади. Тўпурарлар жанги ва тактикалар курашини ўтказиб юборманг!

Сизнингча, ҳамюртимиз Абдуқодир Ҳусанов бугун Эрлинг Ҳоланд билан биргаликда «Манчестер Сити»га навбатдаги муҳим ғалабани тақдим эта оладими?

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.