Бугун Ер яқинидан улкан астероид учиб ўтади

Европа космик агентлиги — European Space Agency маълумотига кўра, яқинда аниқланган 2026JH2 номли астероид бугун, 18 май куни Ер ёнидан хавфсиз тарзда ўтиб кетади. Бу ҳақда CNN хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, Аризона штати Тусон шаҳридаги Mount Lemmon тадқиқот маркази астрономлари ушбу космик жисмни 10 май куни кузатган ва унга 2026JH2 номи берилган. Астероид “Апполон” синфига киради ва Қуёш атрофида Ер орбитаси билан кесишувчи траектория бўйлаб ҳаракатланади.
Олимлар ҳисоб-китобига кўра, астероид Ерга энг яқин нуқтада тахминан 91 минг 593 километр масофагача яқинлашади. Бу Ер ва Ой ўртасидаги масофанинг қарийб 24 фоизига тенг бўлиб, ҳатто геосинхрон сунъий йўлдошлар орбитасидан ҳам анча узоқ саналади.
Richard Binzelнинг таъкидлашича, астероид нисбатан яқин масофадан ўтса-да, у ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Унинг айтишича, бундай кичик космик жисмлар Ер яқинидан тез-тез ўтиб туради ва бу одатий астрономик ҳодиса ҳисобланади.
Мутахассислар маълумотига кўра, 2026JH2 Марс ва Юпитер орасида жойлашган астероидлар камаридан келиб чиққан. Ҳозирча унинг аниқ ўлчами тўлиқ маълум эмас. Чунки оптик телескоплар асосан объектнинг ёрқинлигини қайд этади.
Тахминларга кўра, астероид диаметри 15 метрдан 30 метргача бўлиши мумкин.
Олимлар ушбу яқинлашувни хавфли ҳолат эмас, балки навбатдаги оддий космик ҳодиса сифатида баҳоламоқда. Шу билан бирга, кичик астероидлар ҳаракати вақт ўтиши билан ўзгариши мумкинлиги сабабли, уларнинг келажакдаги орбитасини аниқ башорат қилиш қийин экани ҳам таъкидланмоқда.













