Қуёшда улкан қора доғлар пайдо бўлди

Қуёшнинг орқа қисмида йирик қора доғлар гуруҳи шакллангани олимлар эътиборини тортди. Бу ҳақда Қуёш астрономияси лабораторияси маълум қилди.
Қайд этилишича, сўнгги йиллардаги энг хавфли фаоллик марказларидан бири Solar Orbiter космик аппарати томонидан кузатилган.
Олимлар фикрича, кейинги бир йил давомида Қуёшда бу даражадаги йирик фаоллик деярли учрамаган. Ҳажми ва Қуёш дискидаги жойлашуви жиҳатидан унга энг яқин ҳолат 2024 йил май ойида кузатилган 3664-рақамли ҳудуд бўлган.
Мутахассислар эслатишича, ўша даврда юз берган кучли чақнашлар ва уларнинг Ерга таъсири сўнгги 20 йилдаги энг йирик магнит бўронини келтириб чиқарган эди.
Таъкидланишича, тарихдаги энг кучли қуёш чақнашлари айнан шундай улкан фаоллик ҳудудларида содир бўлган.
Маълумотларга кўра, Қуёш Ердан кузатилганда ўз ўқи атрофида тўлиқ айланишни тахминан тўрт ҳафтада амалга оширади. Олимлар ҳисоб-китобига кўра, бир ҳафтадан кейин ушбу фаоллик соҳаси Қуёшнинг чап қисмида кўрина бошлайди. Яна бир ҳафтадан сўнг эса у Ерга нисбатан энг хавфли нуқтага етиши мумкин.
Бироқ мутахассислар икки ҳафта Қуёш доғлари учун жуда узоқ муддат эканини таъкидламоқда. Бу вақт ичида улар пайдо бўлиши, кучли чақнашлар чиқариши ёки бутунлай йўқолиб кетиши ҳам мумкин.
Шу сабабли олимлар ҳозирча ушбу қора доғлар гуруҳи кейинчалик қандай таъсир кўрсатишини аниқ башорат қилиш қийинлигини айтмоқда.













