Лифтда кутилмаган ҳолат: пауербанк тўсатдан ёниб кетди

Россиянинг Сургут шаҳрида ноодатий ва хавфли ҳолат юз берди. Эндигина лифтга кирган қизнинг сумкасида бўлган пауербанк тўсатдан ёниб кетди.
Воқеа 21 май куни содир бўлган ва лифт ичидаги кузатув камераси томонидан тўлиқ тасвирга олинган. Кадрларда кўринишича, қиз лифтга кириб, керакли қават тугмасини босган заҳоти унинг сумкасидан тутун ва олов чиқа бошлаган.
Вазиятни тезда англаган қиз сумкасини дарҳол ўзидан узоқлаштириб, ерга улоқтирган. Орадан бироз вақт ўтиб, лифт эшиклари очилган ва у хавфсиз тарзда ташқарига чиқишга муваффақ бўлган.
Ҳудудий Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, ушбу ҳодисада қиз тан жароҳати олмаган. Мутахассислар бундай ҳолатлар кўпинча сифатсиз ёки шикастланган батареяли пауербанкларда юз беришини таъкидлашмоқда.













