Равшан Ҳайдаров: U-23 мақсади – истеъдодли ёшларни миллий жамоага етказиш

Равшан Ҳайдаров: U-23 мақсади – истеъдодли ёшларни миллий жамоага етказиш

2026 йилги U-23 Осиё кубоги саралаш босқичи “Е” гуруҳи баҳслари олдидан жамоаларнинг бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Ўзбекистон U-23 терма жамоаси устози Равшан Ҳайдаров ҳам қатнашиб, ўз қарашларини баҳам кўрди.

— Аввало, саралаш босқичи иштирокчиларини самимий қутлайман. Ушбу турнир юксак даражада ташкил этилишига ишончим комил. Умид қиламанки, барча ўйинлар мухлислар учун қизиқарли ва томошабоп тарзда кечади, ғалаба эса муносиб жамоага насиб этади, — деди мураббий.

Ҳайдаров Қирғизистон футбол иттифоқига ҳам алоҳида миннатдорлик билдирди:

— Бу ерда юқори савиядаги ташкилотчиликни кўрмоқдамиз. Жамоамиз ҳам белгиланган режа асосида пухта тайёргарликдан ўтди. Хозир футболчиларимиз мусобақага жисмоний ва маънавий жиҳатдан яхши ҳолатда кириб келди, — дея қўшимча қилди у.

Мураббий таркиб масаласига ҳам тўхталди:

— Ёшлар жамоаларидаги ўйинчилар учун бу босқич миллий жамоага кўтарилишда муҳим давр ҳисобланади. Айрим футболчиларимиз аллақачон асосий терма сафида майдонга туша бошлаган. Биз уларни яна U-23 жамоасига чақирмасликка ҳаракат қиламиз. Чунки асосий вазифамиз – миллий жамоага кучли ва иқтидорли футболчиларни етказиб бериш. Масалан, илгари ёшлар сафида ўйнаган Абдуқодир Ҳусанов ва Аббос Файзуллаев бугун миллий термада ўз ўрнига эга. Биз учун энг асосий мақсад — ёшларга имконият яратиб бериш, уларни катта футболга тайёрлашдир, — деди Ҳайдаров.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Бишкекда бўлиб ўтадиган саралаш баҳсларида майдонга тушади. Йигитларимиз 3 сентябрь куни Шри-Ланкага, 6 сентябрь куни Қирғизистонга ва 9 сентябрь куни Фаластинга қарши ўйнашади. Аввалроқ мураббий таркибни ҳам эълон қилган эди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.