Гвардиола: "Биз янги жамоа қурмоқдамиз ва чемпионлик учун курашамиз"

“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола жорий мавсум бўйича дастлабки таҳлиллари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, жамоа ҳали ўзининг энг юқори даражасидаги ўйин услубини тўлиқ намоён эта олмаяпти.
Лондонда “Челси”га қарши ғалаба қозонилса, “Сити” Премьер-лига жадвалида “Арсенал” билан очколар фарқини 6 баллгача қисқартириши мумкин. Кейинги турда эса манчестерликлар ўз майдонида айнан “канонирлар”ни қабул қилади.
Гвардиола бу мавсумдаги барқарорлик етишмаслигини таркибдаги катта ўзгаришлар билан боғлади. Унинг таъкидлашича, жамоа қайта шаклланиш жараёнидан ўтмоқда ва бу вақт талаб қилади.
— “Биз бу мавсумда кутилган даражада ўйнамаяпмиз. Лекин таркибимиз сезиларли ўзгарди, кўплаб янги футболчилар қўшилди. Биз келажак жамоасини қуряпмиз. Олдинда янада кучли бўламиз ва чемпионлик учун курашни давом эттирамиз”, — деди Гвардиола матбуот анжуманида.
Шу билан бирга, ОАВда Гвардиоланинг келажаги борасида турли миш-мишлар тарқалмоқда. Унинг амалдаги шартномаси кейинги мавсум якунига қадар амал қилади, бироқ келаси ёзда у лавозимни тарк этиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.













