Арсенал Габриел Жесус билан хайрлашмоқчи: трансфер нархи ва асосий тўсиқлар

Арсенал ёзги трансфер ойнасида ҳужум чизиғини янгилаш мақсадида Габриел Жесусни сотувга қўйишга тайёр. 2022-йилда Манчестер Сити клубидан келган бразилиялик футболчи жароҳатлар ва ўйин амалиётининг камайиши сабабли жамоа режаларидан чиқиб қолди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
КаугҳтОффсиде хабарига кўра, Лондон клуби 29 ёшли ҳужумчи учун 30 миллион фунт стерлинг атрофида маблағ талаб қилмоқда. Бироқ, футболчининг ҳафтасига 265 минг фунт стерлингни ташкил этувчи юқори маоши унинг трансферига қизиқиш билдираётган Ювентус ва Милан клублари учун асосий тўсиқ бўлиб турибди.
Жорий мавсумда Жесус барча мусобақаларда атиги 26 та ўйинда майдонга тушиб, 5 та гол ва 2 та голли узатмага муаллифлик қилди. Виктор Гёкерес ва Каи Ҳавертз каби футболчиларнинг таркибдаги ўрни мустаҳкамланиши ортидан Габриелнинг жамоани тарк этиш эҳтимоли ортиб бормоқда.
Агар Италия клублари билан музокаралар муваффақиятсиз якунланса, футболчининг ўз ватанига, хусусан, Палмеирас клубига қайтиши ҳам истисно қилинмаяпти. Арсенал эса ўз навбатида таркибни кучайтириш учун маблағ ажратишга ва янги ҳужумчиларни жалб этишга интилмоқда.













