Ўзбекистонлик қизлар Осиё финали учун рингга чиқади

Ўзбекистонлик қизлар Осиё финали учун рингга чиқади

Бугун Осиё чемпионати доирасида ўсмир қизлар ўртасида ярим финал баҳслари бўлиб ўтади. Мазкур босқичда Ўзбекистон терма жамоасининг 12 нафар вакиласи финал йўлланмаси учун рингга кўтарилади.

Бу босқич ҳар бир спортчи учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки ярим финалдаги ғалаба финалга чиқиш, камида кумуш медални кафолатлаш ва Осиё чемпионлиги сари яна бир қадам ташлаш демакдир. Шу боис бугунги жангларда ҳар бир зарба, ҳар бир ҳаракат ва ҳар бир қарор катта аҳамият касб этади.

Ўзбекистон бокс мактаби нафақат йигитлар, балки қизлар ўртасида ҳам йилдан-йилга кучайиб бораётганини кўрсатмоқда. 12 нафар вакиламизнинг ярим финалгача етиб келгани ҳам терма жамоамизда жиддий салоҳият борлигидан далолат беради.

Бугунги жуфтликлар қуйидагича:

-46 кг: Рухшонабону Аҳадова — Милана Иншина, Қозоғистон

-48 кг: Фарангиз Усвалиева — Ариса Ёшинага, Япония

-50 кг: Парвина Шакарова — Аминхаир Зоригтсаихан, Мўғулистон

-52 кг: Маржона Худайбердиева — Тҳи Ҳонг Дием, Вьетнам

-54 кг: Қумринисо Муҳаммадова — Лахми Ламани, Ҳиндистон

-60 кг: Саломатхон Сардорова — Хинйи Суи, Хитой

-63 кг: Меҳримах Қиличева — Хинюелин Тиан, Хитой

-66 кг: Диёра Бўрибоева — Ди Қиао, Хитой

-70 кг: Карина Илмуратова — Аилин Хожамбердиева, Қозоғистон

-75 кг: Лобар Шайманова — Диана Надирбек, Қозоғистон

-80 кг: Ферузабону Камолова — Ваншика, Ҳиндистон

+80 кг: Соҳибахон Худойбердиева — Хан Ҳуен Труонг, Вьетнам

Жанглар Олимпия шаҳарчасининг Яккакурашлар залида соат 14:00 да старт олади. Мухлислар баҳсларни “Sport TV” телеканали орқали жонли томоша қилишлари мумкин.

Ўзбекистон бокс федерацияси маълумотига кўра, бугунги дастур вакиларимиз учун жуда масъулиятли кечади. Қозоғистон, Япония, Мўғулистон, Вьетнам, Ҳиндистон ва Хитой спортчиларига қарши баҳслар осон бўлмаслиги аниқ.

Айниқса, ярим финалда руҳий тайёргарлик катта роль ўйнайди. Бу ерда фақат куч ёки техника эмас, сабр, совуққонлик ва охиригача ишонч ҳам ҳал қилувчи бўлади. Рингда икки дақиқа ичида ҳам вазият ўзгариб кетиши мумкин — бокс шуниси билан қизиқ.

Бугун ўзбекистонлик мухлислар қизларимиздан фақат битта нарсани кутади: дадил жанг, ишончли ҳаракат ва финал йўлланмаси. Энди гап рингда. Финалга йўл очиқ, фақат уни зарба билан олиш керак.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.