Миржалол Қосимов дербидаги дурангдан кейин қандай хулоса қилди?

Миржалол Қосимов дербидаги дурангдан кейин қандай хулоса қилди?

Ўзбекистон Кубогининг гуруҳ босқичи 1-туридан ўрин олган ОКМК — “Металлург” учрашуви ҳақиқий жанговар руҳда кечди. Олмалиқ ва Бекобод жамоалари ўртасидаги дерби 3:3 ҳисобидаги сергол дуранг билан якунланди.

Ўйиндан кейин ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов баҳс ҳақида ўз фикрларини билдирди. Мутахассис учрашув дерби мақомига муносиб ўтганини, майдонда қизиқарли ва томошабоп футбол намойиш этилганини таъкидлади.

“Дербини гувоҳи бўлдик, қизиқарли ўйин бўлди. Ҳисоб ҳам кўрсатиб турибди. Дербига хос ўйин. Ўйлайманки, бундан мухлислар ютди, чиройли ўйин кечди”, — деди Қосимов.

Шу билан бирга, ОКМК устози жамоаси 3:1 ҳисобида олдинда бораётган пайтда ғалабани қўлдан чиқармаслиги кераклигини айтди. Унинг фикрича, футбол 90 дақиқа давом этади ва ҳар бир вазиятга охиригача жиддий ёндашиш талаб қилинади.

“Футбол 90 дақиқа ўйналади. 3:1 ҳисоби қайд этилиб турган пайтда бемалол ғалабага етказиб қўйишимиз мумкин эди. Аммо “Металлург” жамоаси ҳам жон-жаҳди билан ўйнашга ҳаракат қилди. Албатта, дуранг билан мукофотланди”, — дея қўшимча қилди мураббий.

Дарҳақиқат, “Металлург” бу баҳсда характер кўрсатди. Ҳисобда ортда қолганига қарамай, бекободликлар курашдан тўхтамади ва охиригача босимни сақлаб қолди. Натижада улар сафарда муҳим дурангни қўлга киритишди.

Қосимов кубокдаги мақсадлар ҳақида ҳам гапирди. Унинг таъкидлашича, ОКМК учун мусобақа номи муҳим эмас — Кубок бўладими, чемпионат бўладими, жамоа ҳар бир ўйинга жиддий ёндашади.

“Бизга фарқи йўқ: Кубок бўладими, чемпионат бўладими, ҳар бир ўйинга юракдан ўйнаймиз. Ўзимизнинг аудиториямиз, мухлисларимиз бор. Улар учун ўйнаймиз. Шу сабабли ҳар бир учрашувда охиригача курашиш ва ғалаба қозониш учун ҳаракат қиламиз”, — деди у.

Мураббий, шунингдек, жамоа фақат натижа учун эмас, чиройли ўйин орқали мухлислар қалбидан жой олиш учун ҳам майдонга тушишини таъкидлади. У футболда доим ғалаба қозонадиган жамоа бўлмаслигини, мағлубият ва дуранглар ҳам ўйиннинг бир қисми эканини эслатди.

ОКМК учун бу дуранг сабоқ бўлиши мумкин. Жамоа устунликни сақлаб қолиш, охирги дақиқаларгача концентрацияни йўқотмаслик ва ғалабани ишончли тарзда расмийлаштириш борасида хулоса чиқариши керак.

Умуман олганда, ОКМК — “Металлург” дербиси мухлисларга керакли эмоцияни берди: олтита гол, интрига, қайтиш ва охиригача кураш. Кубок энди бошланди, лекин биринчи турнинг ўзиёқ сигнал берди — бу мусобақада осон ўйин бўлмайди.

"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Мавзуга оид янгиликлар

Маълумот Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.